Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратлари ташаббуси билан Марғилондаги 30 та оилага хайриялар улашилди

Айни кунларда юртимизнинг таниқли уламолари Фарғона вилояти ҳудудларида мўмин-мусулмонларга маърифий суҳбат қилиш билан бирга улар билан яқиндан мулоқот қилиш ва эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш каби ишларни амалга оширмоқдалар. Ўтган куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Қўқон ва Марғилон шаҳарларидаги жоме масжидларда бўлиб, мўмин-мусулмонларга мавъиза қилиб бердилар.

Таъкидлаш жоизки, Давлатимиз Раҳбари шу йил 8 апрель, жума куни Тошкент шаҳри Олмазор туманига ташрифлари чоғида Қуръони каримнинг “Раҳмон” сурасидаги “Яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир”, деган ояти каримасини ёдга олиб, Рамазон кунларида меҳрга муҳтож кишиларга яхшилик қилишга тарғиб қилган эдилар ва ўзлари бу борада намуна бўлиб, Олмазор туманидаги 102-сонли заиф эшитувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатида тарбияланаётган ўқувчиларнинг ҳолидан хабар олган эдилар.

Бундай хайрли ишларнинг давоми сифатида Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ташаббуслари билан Марғилон шаҳридаги 6 та маҳалладаги 30 та эҳтиёжманд оила ҳолидан хабар олиниб, уларга озиқ-овқат маҳсулотлари улашилди. Ушбу ҳадялар имом-домлалар томонидан хонадонларга етказилиб, улуғ айём кунларида ўксик қалбларга хурсандчилик улашилди.

Ислом динимизда ўзгаларга яхшилик қилиш, ўзи яшаб турган жамиятдаги инсонларнинг ҳожатини чиқариш, улардан турли хил мушкулотларни аритиш савобли иш саналади. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида бошқаларга қилинадиган яхшиликни фарздан кейинги ўринда туришини баён қилиб бундай дедилар: “Фарзларни адо қилишдан кейинги ўринда турадиган Аллоҳга энг суюкли амал бу мусулмонинг қалбига хурсандчиликни киритишдир”.

Юртимиз уламолари, имом-хатиблари ва мударрислар томонидан мана шундай савобли ишлар Рамазон ойи давомида юртимиз бўйлаб янада кенг қулоч ёзаверади, иншо Аллоҳ.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1596 times

Янгиликлар

Top