Ўзбекистон янгиликлари

Президент: Бу савоб ишнинг ажру мукофоти жуда улкан

Давлатимиз раҳбари оилавий болалар уйи ташкил этган ота-оналар билан учрашди.

Шавкат Мирзиёев раҳбар сифатида қатъиятли ва талабчан бўлса, шахс сифатида меҳрибон ва эътиборли инсон. Буни унинг кексаларга, болаларга, эҳтиёжманд одамларга муносабатидан билса бўлади.

Давлатимиз раҳбари Жиззах вилояти ҳокими бўлганида Меҳрибонлик ва Мурувват уйларини тартибга келтиргани, Самарқандда кўзи ожиз болалар интернатига борганини одамлар ҳалигача эслайди.

Бугун бундай меҳр-эътибор бутун мамлакат миқёсига ёйилган. Президентимиз ҳудудларга чиққанида шундай ижтимоий муассасаларга боришга вақт топади.

Яқинда Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги мактаб-интернатга борганида Шавкат Мирзиёев «юртимизда умуман етимлар бўлмаса, қандай яхши бўларди» деган эди. Халқимиз бу хайрли ташаббусни қўллаб-қувватлаб, барча ҳудудларда оилавий болалар уйлари ташкил этилмоқда. Натижада сўнгги ойларда 16 та Меҳрибонлик уйидан 10 таси ўз фаолиятини тугатди.

Қашқадарё вилоятида ҳам биринчилардан бўлиб, Китоб туманидаги 5-сон ва Қамашидаги 4-сон Меҳрибонлик уйлари ёпилди. У ерда тарбияланганларнинг бир қисми яқинлари бағрига қайтган бўлса, бир қисми оилавий болалар уйларига қабул қилинган.

Президентимиз Қашқадарёга сафари чоғида шундай меҳрибон инсонлар - Ҳусан Холлиев ва Гулбаҳор Хонимова, Шокир Суюнов ва Гулбаҳор Ҳамидова, Бахтиёр Тўраев ва Гулбаҳор Алланазарова оилалари билан учрашди.

- Давлатимиз сиёсатини амалга ошириб, болаларнинг бошини силаб, оилангиз бағрига олганингиз учун сизларга таъзим қилиб, раҳмат айтаман, - деди Шавкат Мирзиёев. - Сиз ўзлигимизни, халқимиз маънавиятини намоён этиб, намуна бўлаяпсиз. Бу қийин, буни ҳамма ҳам тушунмаслиги мумкин. Лекин бу савоб ишнинг ажру мукофоти жуда улкан. Сиз тарих яратаяпсиз, ўзингизга маънавий ҳайкал қўяяпсиз. Халқимиз бундай олижаноб фазилатларни юксак қадрлайди.

Президент болажонларга ҳам мурожаат қилиб, далда берди.

- Ҳаёт ўнқир-чўнқир, синовлардан иборат. Ҳозир сизлар учун синов. Лекин, мен ишонаман, келажакда тенгдошларингга ўрнак бўласизлар. Меҳнат, машаққатсиз муваффақиятга эришиб бўлмайди. Мен ҳам болалигимда қийинчилик кўриб, катта бўлганман. Сизлар ҳар доим давлатимизнинг эътиборида бўласиз: таълим-тарбиянгиз, ўқишларга киришингизни назоратга оламиз. Худо хоҳласа, камолингизни кўриш ҳаммамизга насиб этсин, - деди давлат раҳбари.

Қашқадарё вилоятида жами 16 та оилавий болалар уйлари ташкил этилган бўлиб, уларда 98 нафар ўғил-қиз меҳр оғушига олинган. Президентимиз ушбу оилаларга ҳам миннатдорлик билдирди.

 

ЎзА

Read 976 times

Янгиликлар

Top