Ўзбекистон янгиликлари

Шавкат Мирзиёев: янги марказ ислом маданияти тараққиётига хизмат қилади

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятидаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасига ташриф буюрди. 

Давлатимиз раҳбари 8-9 июнь кунлари Остона шаҳрида ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитидаги нутқида Самарқандда Имом Бухорий номидаги халқаро тадқиқот марказининг ташкил этилиши миллатлараро, маданиятлараро муносабатларни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлишини алоҳида таъкидлади. 

Ташкил этиладиган янги марказ ислом маданияти ва қадриятларини тарғиб қилиш, ёшларимизни турли ёт ғоялардан асраш, уларнинг замонавий таълим-тарбия олиши, комил инсон бўлиб етишиши, навқирон авлоднинг қалбида буюк аждодларимизга муносиб бўлишдек юксак туйғуларни шакллантиришга хизмат қилади. 

Президентимизга бунёд этилаётган марказнинг умумий концепцияси, атрофини ободонлаштириш бўйича қилинадиган ишлар лойиҳаси ҳақида маълумот берилди. 

Муборак Рамазон ойида бундай эзгу ишларни бошлаш ва амалга ошириш ҳар жиҳатдан хайрли ва мақсадга мувофиқдир, деди давлатимиз раҳбари. Пок ниятлар билан бошлаган ишимиз ўз мевасини беради. Яна бир жиҳатга алоҳида эътибор бериш керак. Имом Бухорий мажмуасига зиёратга келувчилар марказга ҳам киради, улар ҳақиқий ислом таълимоти тўғрисида керакли маълумотлар олсин. 

Лойиҳаларда мажмуа атрофини ободонлаштириш, йўлларни кенгайтириш, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қуриш ва таъмирлаш лозимлиги ўз аксини топган. 

Ўзбекистон Президенти 21 май куни Саудия Арабистонида бўлиб ўтган Араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммити доирасида Ислом тараққиёт банки президенти Бандар Ҳажар билан учрашди. Ўзбекистон билан Ислом тараққиёт банки ўртасида Имом Бухорий номидаги халқаро тадқиқот марказини ташкил қилиш бўйича Англашув меморандуми имзоланди. Мазкур ҳужжат ижроси юзасидан бугун тизимли ишлар олиб борилмоқда. 

Давлатимиз раҳбари Пайариқ туманида аҳоли учун икки ва уч қаватли арзон уй-жойлар қуриш лойиҳаси билан ҳам танишди. 

Президентимиз Пайариқ туманидаги "Тўполос" фермер хўжалиги даласида бўлди. Фермер ва деҳқонлар билан суҳбатлашди, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлиги билан қизиқди. Пахта ва ғалла майдонларини кўздан кечирди. 

Шавкат Мирзиёев раислигида вилоят раҳбарлари, мутасаддилари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вилоят иқтисодиётини юксалтириш, янги иш ўринлари яратиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар, истиқболдаги долзарб вазифалар муҳокама қилинди. 

Абу Бакир Ўрозов, Темур Қурбонбоев (сурат), ЎзА

Манба: uza.uz

Read 4636 times

Янгиликлар

Top