Ўзбекистон янгиликлари

МУФТИЙ ҲАЗРАТЛАРИ: СИЛАИ РАҲМ ИНСОН УМРИНИ УЗАЙТИРАДИ

Бугун, 29 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Тошкент шаҳрида жойлашган “Сирож Солиҳ” масжидида жума намозини қавм билан бирга адо этиш ва маъруза қилиш учун ташриф буюрдилар.

Жума намозидан аввал, муфтий ҳазратлари жамоатга силаи раҳм ҳақида маъруза қилиб, бу фазилатни Ҳазрати Пайғамбаримиз ҳадислари асосида тушунтириб бундай дедилар:

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарликнинг илк кунлариданоқ силаи раҳмга чақиришни бошлаганлари ҳам ушбу иш нақадар аҳамиятга эга амал эканини билдиради.

Абу Умома Боҳилий разияллоҳу анҳу айтадилар: Мен Амр ибн Абаса разияллоҳу анҳудан: “Сизни нега “Исломда илк мусулмонлардан” дейишади? – деб сўрадим. У зот бундай деб жавоб бердилар: “Мен одамлар залолатда эканини кўрардим ва бутлар ҳеч нарса эмаслигини билардим. Сўнгра Маккада бир одамнинг хабарини эшитдим. Туямга миниб Маккага келдим. Қарасам, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни қавми ўраб турибди. Ёнларига бордим ва: “Сиз кимсиз?” – дедим. “Пайғамбарман”, – дедилар. “Пайғамбар нима дегани?” “Аллоҳнинг элчиси”, – дегани. “Сизни Аллоҳ юбордими?” “Ҳа”. “Нима учун юборди?” “Аллоҳнинг биру борлигини билдириб, Унга ҳеч нарсани шерик қилмаслик, бутларни йўқ қилиш ва силаи раҳмни мустаҳкамлаш учун юборди” дедилар.

Ушбу ҳадисда силаи раҳм пайғамбарликнинг асосий вазифаси сифатида ҳамда Ислом динининг асосий ғоялари билан бир ўринда келтирилмоқда. Демак, силаи раҳм ўзига хос бўлган жуда кўп ажрларга эга қилувчи ибодат ҳисобланади, – дедилар муфтий ҳазратлари.

Муфтий ҳазратларининг файзли суҳбатларидан сўнг жума намози ўқилиб, муборак Рамазон кунлари қилаётган ибодатларимиз қабул бўлиши ва халқимиз орасида силаи раҳм янада кенг ёйилиши учун хайрли дуолар қилинди.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1377 times
Tagged under

Янгиликлар

Top