Ўзбекистон янгиликлари

Илм “дарди”га чалинган ва илм билан “оғриган” инсон...

Ўмон Султонлигининг етакчи газетаси “Asdaa Oman” шогирдим т.ф.н. Муслим Атаевнинг араб тилидаги “Имом ал-Уструшаний ва унинг илмий мероси” номли мақоласини эълон қилди.

ЎзА хабарига кўра, “Имом ал-Уструшаний ва унинг илмий мероси” мақоласи ҳақида гапирилар экан, мазкур мақолани унинг муаллифидан айри ҳолда кўриб бўлмайди. Бу ўринда мақола муаллифи, унинг шахсини ҳам эътиборга олиш жоиз бўлади.

Тадқиқотчи сифатида Муслимга хос бўлган бош хусусият шундаки, у умрини қадимги уструшан, яъни Жиззах деб аталган маконнинг аллома зотларини топиш, уларнинг амалга оширган ишларини ҳозирги авлодларга етказиш, хусусан, Маждуддин ал-Уструшаний ҳаёти ва илмий меросини қайта тиклаш ишига бус-бутун бахшида этган инсон, десак муболаға бўлмайди.

Мазкур мақоланинг ютуғи шундаки, мавжуд илмий хулосалар мисқоллаб йиғилган жуда катта статистик далиллар асосида жамланган. Имом Уструшаний ҳазратларининг меросини илмий ўрганиш олимнинг бутун фикри ва зикрини батамом эгаллаб олган.

Муслим илмий ўрганиш даврида ўзидаги мавжуд эҳтиёжларини умуман унутиб қўяди, мақсадга бутун вужуди билан киришиб кетади. Аслида Муслимнинг ҳақиқий ҳаёти Уструшаний ва унинг даврида кечади. Муслим илм “дарди”га ҳақиқий чалинган, илм билан “оғриган” инсон. Муслим учун нима еяпти, нима кийяпти – умуман аҳамият касб этмайди. Иложи бўлса, ухламайди, дам олмайди. Унинг фикрида фақат мана шундай улуғ ислом алломаларини қидириб топиш, уларнинг номларини қайта тиклаш яшайди.

Муслим учун унинг қилган хизматлари бир оддий банда сифатида ўз эътиқоди, Яратган олдидаги мажбуриятини бажариш, холос. Шунинг учун Муслим чарчамай ишлайди. Шу жиҳатдан Муслимни бетакрор ва фидойи, мавзуси ичига “муккасидан кетган” тадқиқотчи, дейиш тўғри бўлади.

Муслим Атаев фақиҳ Маждуддин ал-Уструшаний ҳаёти ва фаолиятини тарихий манбалар асосида ўрганди, тарихий маълумотларни тартибга солди ва тизимлаштирди, уларни ўзаро қиёсий таҳлилдан ўтказди.

Муслимнинг шошмай, илмий тадқиқот фаолиятининг ўзидан мириқиб, турли унвонлар кетидан қувмай ишлаши таҳсинга сазовордир. Хотиржам меҳнат қилиш ҳар бир масалада чуқур ўйланган, илмий асосланган хулосалар ва муҳими илм самараси бўлган бир неча нашрларни имкониятини берди.

Муслим ҳақиқатан ҳам “игна билан қудуқ қазиди”. Аммо қилаётган меҳнати мана шундай самара беришини англамай ишлади. Охир оқибат эса илм ўз самараларини берди. У маслаҳат олишдан чўчимади. Олимларнинг эшигини қоқаверди. Уни бундай қилишга илм мажбур қилади. “Нима учун шундай?”, “Нима сабабдан?!” каби саволлар Муслимга тинчлик бермайди. У ахборот қидиришдан чарчамайди. Ишни пухта қилади. Агар ишнинг пухталигига таъсир этувчи бирор омил чиқиб қолса, эринмай уни ҳал этади. Шу боис кўпчилик машҳур олимларимиз Муслимнинг олим сифатида улғайиш, ўсиш жараёнларини яхши билади ва ўз кўмагини ундан аямайди.

Умуман олганда Муслим Атаев сўнгги ўн йиллик умрини Маждуддин ал-Уструшанийнинг илмий мероси, хусусан “Жомиʼ аҳком ас-сиғор”, “Китоб ал-фусул”, “Ал-Асъила ва-л-ажвиба” каби асарларни тадқиқ этишга бағишлади. Ҳозирги кунда Муслим Атаев Ўзбекистон халқаро ислом академиясида таянч докторант сифатида ҳурматли олим сиёсатшунослик фанлари доктори, профессор Зоҳидилло Мунавваров раҳбарлиги остида докторлик ишини ёзмоқда.

Шайх Абдулазиз Мансур,
Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази директори ўринбосари

Read 1257 times

Янгиликлар

Top