Ўзбекистон янгиликлари

Имом Бухорий изидан

Миллий матбуот марказида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга доир Давлат дастурининг жорий йил биринчи чорагидаги ижроси юзасидан бажарилган ишларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

ЎзА хабарига кўра, мавзу юзасидан Имом Бухороий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов батафсил маълумот берди.

Таъкидланганидек, Давлат дастурининг 267-бандига мувофиқ ушбу марказга буюк аждодларимизнинг бой илмий-маънавий меросини кенг тарғиб этиш мақсадида юртимиздан етишиб чиққан алломалар асарларининг халқчил таржимасини амалга ошириш, улар асосида илмий ва оммабоп рисолалар яратиш вазифаси белгилангани бўлиб, мазкур банд ижроси бўйича жорий йилнинг биринчи чорагида тизимли ишлар амалга оширилди.

Жумладан, айни пайтда Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ шакллантирилди.

Ишчи гуруҳ томонидан таржима қилинадиган асарлар рўйхати шакллантирилмоқда.

Шу вақтгача шакллантирилган рўйхат асосида асарларни босқичма-босқич таржима қилишга эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Абдулҳамид ибн Ҳумайд Кеший “Муснади Кеший” асарининг 1- ва 2- жилдлари ва Алоуддин Косонийнинг “Эътиқоди Косоний” асари нашрга тайёрланди.

“Муснади Кеший” асарининг 3-жилди, Имом Термизийнинг “Эътиқоди аҳлис сунна”, Абу Азабанинг “Равзатул баҳийя” асарлари таржимаси ва таҳрир ишлари ниҳоясига етказилди ва 2022 йил 8 февраль куни Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идорасига соҳа мутахассисларидан хулоса ва тақриз олиш учун тақдим этилди.

Шу билан бирга “Сунани Доримийдан сайланма ҳадислар” китобининг таржима ва таҳрир ишлари ниҳоясига етказилиб, 2022 йил 24 март куни Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идорасига хулоса ва тақриз учун тақдим этилди.

Абу Лайс Самарқандийнинг “Баҳрул улум” ва Сайид Абдулмажид Ғаврийнинг “Ҳадис илми истилоҳлари” асарлари таржималари ҳамда Имом Бухорийнинг “Тарихус сағир” асарлари таҳрири давом этмоқда. Жорий йил якунига қадар жами 15 та асарнинг халқчил таржимасини амалга ошириш режалаштирилган.

Давлат дастурининг навбатдаги бандига кўра, Марказ томонидан Имом Бухорий асарларида тараннум қилинган юксак одоб-ахлоқ, илмга муҳаббат, Ватанга садоқат сингари эзгу қадриятларни тарғиб этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда Италия, Швейцария, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа давлатларда Имом Бухорий асарлари мисолида ислом санъати кўргазмасини ташкил этиш белгиланган.

Жорий йилнинг ноябрь ойида ўтказилиши режалаштирилган мазкур кўргазмага қизғин тайёргарлик ишлари доирасида Ташқи ишлар вазирлигига кўргазмани ўтказиш бўйича тузиладиган Ташкилий ишчи гуруҳига номзодлар тақдим қилинди. Ўз навбатида вазирлик томонидан ҳам мазкур тадбирни хорижий давлатларда ташкил этиш бўйича икки нафар ходим бириктирилди.

Марказнинг ўзида эса кўргазмани ўтказиш бўйича 16 нафардан иборат бўлган Ташкилий гуруҳ шакллантирилди. Марказ томонидан “Bukhari Creative Agency LLC” ташкилоти билан биргаликда кўргазма концепцияси ишлаб чиқилди.
Бундан ташқари марказнинг қўлёзмалар билан ишлаш ва музей бўлими 3 нафар илмий ходимлари жорий йил 15 январдан 16 февралгача Туркия қўлёзма асарлар бош бошқармаси китоб шифохонаси ва архив ишлари бошқармасида илмий сафарда бўлиб қайтди.

Сафар давомида Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш марказига ташриф буюриб, бўлим бошлиғи, тарих фанлари доктори, профессор Аширбек Мўминов ва Ташкилий ишлар бўйича координатор Самет Ялчин билан учрашув бўлиб ўтди. Унда Имом Бухорий асарлари мисолида ислом санъати кўргазмасини ўтказиш бўйича режалаштирилаётган ишлар муҳокама этилди. ИРСИКА томони икки ташкилот ҳамкорлигида жорий йилда ўтказиладиган кўргазмалар ва халқаро конференцияларни ҳамкорликда ташкил этишга доим тайёр эканини билдирди.

Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари ходимларининг саволларига батафсил жавоб қайтарилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1269 times

Янгиликлар

Top