Шу йил 6 май куни Қозоғистон давлатининг Туркистон вилоятида “Туркий халқларнинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтади.
Ушбу нуфузли тадбирда иштирок этиш учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков бугун, 5 май куни Туркистон вилоятида етиб борди.
Халқаро анжуманда Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Бағдод Aмреев, Туркия диёнат ишлари бошқармаси раҳбари, профессор Aли Эрбош, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода, Қозоғистон мусулмонлари идораси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули, Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Замир қори Ракиев бевосита иштирок этади.
Шунингдек, унда Туркистон вилояти губернатори Умрзоқ Шукиев, Халқаро Туркий Aкадемия Президенти Дархон Қидирали, Туркий давлатлар ташкилоти Оқсақоллар кенгаши аъзоси Икром Aдирбекович, олимлар, бош имом-хатиблар ва ОАВ вакиллари қатнашадилар.
Кун тартибида туркий тилли мамлакатларнинг муштарак меросини тадқиқ этиш, Имом Мотуридийнинг ақида мактаби ва Имом Аъзам Aбу Ҳанифанинг фиқҳий таълимоти каби йўналишларда қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, глобал муаммоларга қарши мусулмон уммати бирдамлигини таъминлаш, муборак саналарни белгилашда кенгашиш, долзарб масалаларда фатволар ишлаб чиқиш ва бузғунчи оқимлар тарғиботининг олдини олиш каби масалалар муҳокама қилинади.
Халқаро анжуман тафсилоти ва эришилган натижаларни сайт ва ижтимоий тармоқларимизда кузатиб боринг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати