Ўзбекистон янгиликлари

ИЛМ ТАРҚАТИШ – ЭНГ КАТТА ЭҲСОН

Энг яхши совға – китоб, энг фойдали машғулот – илм олишдир. Улуғ ажрлар ваъда қилинган муқаддас Рамазон ойида пойтахтимизнинг Яккасарой туманидаги “Раҳим ҳожи ота” жоме масжиди маъмурияти ташаббуси билан олий ўқув юртлари талабаларига китоблар эҳсон қилингани ниҳоятда хайрли ва ибратли ишлардан бири бўлди.

Таъкидлаш жоиз, ушбу тадбир ёшларнинг танловидан келиб чиқиб амалга оширилди. Яъни масжид маъмурияти Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти билан ҳамкорликда талабалар ўртасида “Китобхонларни қизиқтирувчи китоблар” номли сўров ўтказилиб, уларнинг таклиф ва қизиқишлари асосида рўйхат шакллантирилди. Ушбу рўйхат бўйича ҳар бир олийгоҳ ахборот ресурс марказларига саховатпеша ҳомийларни жалб қилган ҳолда ўн миллион сўм миқдоридан ортиқроқ қийматдаги ўқув қулланмалари, бадиий ва тарихий асарлар ва ҳамда диний адабиётлар тақдим қилинди.

Жумладан, “Раҳим ҳожи ота” жоме масжиди имом ноиби Муҳаммад Зариф домла ва Тошкент давлат педагогика университетининг Бошланғич таълим факультети талабалари иштирокида бўлиб ўтган ушбу совғани топшириш маросими чинакам маърифий суҳбат тусини олди.

– Муқаддас динимизда илм-маърифат юксак даражада улуғланади, ҳар бир мўмин-мусулмон банда уни эгаллашга даъват этилади, – дейди Муҳаммад Зариф домла. – Анас розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир”, дедилар. Келгусида болаларга ҳарф танитиш, уларда дастлабки ўқиш ва ёзиш, қолаверса, ахлоқ-одоб кўникмасини ўргатиш билан шуғулланувчи мутахассисликни эгаллаётган сиз талабалар бу борада катта масъулиятга эгасиз. Яъни зиммангизга жажжи қалбларда ўрганиш, илм олиш ҳавасини уйғотиш, билим пойдеворини мустаҳкам қўйиш вазифаси юкланади. Бунинг учун кенг билим ва дунёқарашга эга бўлиш талаб этилади. Ишонамизки, биз туҳфа этаётган китоблар ҳам бу борада сизларга яхши кўмакчи бўлади.

Мазкур китоблар жамламасида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Ҳадис ва ҳаёт”, Муҳаммад Саид Тантовийнинг “Пайғамбарлар тарихи”, Имом Шамсиддин Заҳабийнинг “Машҳур даҳолар сийрати” каби ислом маърифатидан сабоқ берувчи қимматли асарлар, шунингдек, мумтоз ва замонавий ўзбек адабиёти намуналари, жаҳон адибларининг асарларини кўриш мумкин. Айтиш жоизки, ушбу туҳфа талабаларга катта қувонч бағишлади. Ёшларнинг юз-кўзларида туҳфа қилинган китобларга катта қизиқиш, уларни тезроқ қўлларига олиб ўқиш иштиёқи сезилиб турарди.

Дарҳақиқат, илм-маърифат инсонни етукликка эриштиради. Ўтмишда буюк алломалар етиштириб берган халқимиз ҳаётида китоб муҳим ўрин эгаллаган. Бугун ҳам қадимий эзгу анъаналар тирилиб, турли мол-матоҳ ўрнига китоблар совға қилишга одатлансак, маънавий оламимизда жуда катта ўзгариш содир бўларди.

– Талабаларимиз жуда илмга чанқоқ, – дейди Бошланғич таълим факультети деканининг ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари Комилжон Абдуллаев. – Ўқиб-ўрганиш уларнинг бугунги кундаги вазифаси ҳисобланади. Талабаларда билим олишга рағбатни кучайтириш мақсадида турли тадбирлар уюштиряпмиз. Мазкур учрашув бу борада муҳим аҳамиятга эга бўлди.

– Бизга совға қилинган илм-маърифат хазинаси бўлган бир-биридан қизиқарли, ҳикматга тўлиқ китобларни кўриб хурсанд бўлдим, – дейди талаба Нигора Эштўхтарова. – Уларнинг ҳаммасини ўқиб чиқиш ниятидаман. Чунки бу асарлар бизнинг билимимизни бойитади, дунёқарашимизни кенгайтиради. Ҳақиқий муаллим бўлиб етишишимиз учун бу нарса жуда зарур.

Тадбирда талабалар исломий масалаларга оид, турмушда дуч келинадиган турли муаммолар ечимига берган саволларига батафсил жавоб олишди.

Бундан ташқари, муборак ойда масжид маъмурияти саъй-ҳаракати билан маҳаллалардаги ёлғиз яшовчи, ногирон, кам таъминланган инсонлар, ётоқхоналарда яшовчи ижтимоий химояга муҳтож, ногирон, кўзи ожиз талабаларга ифторлик озиқ-овқат жамланмаси ҳадя сифатида етказиб берилди.

Тўлқин ШЕРНАЕВ

Read 1402 times

Янгиликлар

Top