«Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков “Дунё” ахборот агентлигига Ўзбекистонда ички ва зиёрат туризмини ривожлантириш имкониятлари бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини тақдим қилди:
– Туризм, бугунги куннинг энг муҳим иқтисодий соҳаларидан бири саналади. Шу боисдан, дунёнинг кўплаб давлатлари томонидан ушбу соҳани янада ривожлантириш, бу борада тегишли инфраструктурани жаҳон стандартлари даражасида яратиш ва сайёҳлар оқимини ошириш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда.
Хусусан, БМТ ҳузуридаги Жаҳон туризм ташкилоти маълумотларига кўра, 2018 йилда саёҳат қилувчи туристлар сони 1,4 миллиардни ташкил этиб, бу кўрсаткич 2017 йилга нисбатан 6 фоизга кўпайган. 2019 йилда эса сайёҳлар сони 1,5 миллиардга етган. 2019 йилда жаҳон ялпи ички маҳсулотида туризм ва сайёҳликнинг умумий ҳиссаси эса, қарийб 9 170 млрд долларни ташкил қилган.
Юқоридаги рақамлар одамларнинг йилдан-йилга саёҳатга бўлган қизиқиши, талабларининг ортиб бораётганига яққол мисолдир. Умуман, туризм иқтисодий фойда келтиришдан ташқари, аҳолининг дунёқарашини кенгайтириш, иқтисодиётни барқарор ривожлантириш, дунёнинг турли давлатлари ва минтақалари вакиллари ўртасида яқин алоқаларни ривожлантиришда ҳам муҳим роль ўйнайди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ҳам улкан туризм салоҳиятига эга. 2016 йилда Ўзбекистонда туризм соҳасини тубдан ислоҳ қилиш орқали сайёҳлик инфратузилмаси ривожлантирилди. Халқаро сайёҳлар сони 2016 йилдаги 2 миллиондан 2019 йилда 6,7 миллионгача кўпайди.
БМТ ҳузуридаги Жаҳон туризм ташкилоти маълумотларига кўра, Ўзбекистон 2019 йилда энг яхши ривожланаётган сайёҳлик йўналишига эга мамлакатлар бешлигидан жой олди.
2016–2021 йилларда маҳаллий сайёҳларнинг сони 24 миллионга етган бўлса, хорижликларнинг сони қарийб 20 миллион кишини ташкил этди. Коронавирус пандемияси сабаб 2020 йилда Ўзбекистонга 1,5 миллион, 2021 йилда эса, 1,7 миллион чет эллик сайёҳлар ташриф буюрган.
Туризмни ривожлантиришнинг жаҳон амалиёти шуни кўрсатадики, мазкур индустрияни юқори даромадли соҳага айлантириш учун давлат ва хусусий сектордаги барча иштирокчиларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш ва мустаҳкамлаш зарур. Бунда, ҳукуматнинг роли – халқаро, ҳукумат ва хусусий сектор даражаларида туризм соҳасидаги ривожланиш сиёсатини мувофиқлаштириш ва режалаштиришни таъминлашдан иборат.
Шу нуқтаи назардан, 2022 йилнинг 26 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида туризм хизматлари кўламини кенгайтириш ва инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда туризм индустриясини ривожлантириш, соҳадаги, хизматлар кўламини кенгайтириш, янги иш ўринларини яратиш, аҳолининг даромадлари, яшаш даражаси ва сифатини ошириш ҳамда мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлиги ва нуфузини яхшилашга қаратилган масалаларга алоҳида урғу берилди.
Йиғилишда жаҳонда коронавирус пандемияси пайтида ўрнатилган чекловлар аста-секин юмшаётгани, шу боис туризм индустрияси тикланаётгани, хусусан, 2022 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонга 610 минг нафар сайёҳ ташриф буюргани, бу эса, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан икки баравар кўплиги қайд этилди.
Мамлакатнинг ҳар бир ҳудудида туризмни ривожлантириш бўйича йирик лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда. Бунга, Намангандаги «Афсоналар водийси», Бўстонлиқдаги «Амирсой» мажмуалари яққол мисол бўла олади. Мазкур мажмуаларга кунига минглаб хорижий ва маҳаллий сайёҳларнинг ташриф буюриши таҳсинга сазовор, албатта.
Президент йиғилиш давомида «Ўзбекистон туризм магистрали» бўйлаб, 31 та туман ва шаҳар ҳудудидан ўтувчи йўллар бўйида автотураргоҳ, кемпинг, автосервис, овқатланиш, ёқилғи қуйиш каби хизматларни қамраб олган
«Карвонсарой»лар барпо этиш таклифини ҳам берди. Албатта, бу таклифларнинг амалга оширилиши, янги иш ўринларининг яратилиши, аҳоли бандлигининг таъминланиши ҳамда турмуш фаровонлигининг ошишига, шунингдек мамлакат иқтисодиётида туризм индустрияси улушининг сезиларли равишда ортишига, сайёҳлар оқимининг кўпайишига хизмат қилади.
Таъкидлаш жоизки, ички туризмнинг жадал ривожланишида хусусий секторнинг ҳам ўз ўрни бор. Ҳозирда кўплаб тадбиркор ва ҳунармандлар туризм соҳасига жалб қилинган бўлиб, улар сувенир маҳсулотларини ишлаб чиқариш, меҳмонхона хўжалиги, сайёҳларга хизмат кўрсатиш билан шуғулланиб келмоқда. Бу борада тадбиркорларга давлат томонидан ссудалар, субсидиялар, кредитлар ва бошқа турли имтиёзларнинг тақдим этилаётгани эътиборга лойиқ.
Йиғилишда Президент томонидан ички туризмни ривожлантириш ҳамда тадбиркорларга янада қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида қатор имкониятларнинг белгилаб берилгани, сўзимизга яққол далил бўла олади.
Жумладан, 1 июлдан бошлаб, туризм қишлоқларида меҳмон уйлари, овқатланиш ва савдо шохобчалари, кўнгилочар жойлар ташкил этган тадбиркорлар уч йил давомида айланмадан олинадиган солиқ ва ижтимоий солиқни 1 фоиз ставкада, мол-мулк, ер, сув солиқларини ҳисобланган суммадан бор-йўғи 1 фоизини тўлайди. Оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида, бундай қишлоқларда меҳмон уйлари ташкил этишга 50 миллион сўмгача, ўтов ва эко-уйлар мажмуасига 300 миллион сўмгача, чодирли лагерлар қуришга 300 миллион сўмгача кредитлар берилади. Ҳар йили туризм қишлоқларининг 200 нафар ёшлари бюджет ҳисобидан Туризм техникумларида бепул ўқитилади.
Албатта, бундан кўзланган мақсад, туризм индустриясини жадал ривожлантиришда хусусий сектор иштирокини янада кенгайтириш, уларга имтиёзлар тақдим этиш, соҳада кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, янги сайёҳлик маҳсулотлари турини кўпайтиришдан иборат.
Туризм соҳасини янада ривожлантириш учун, аввало зарур инфратузилмани такомиллаштириш лозим. Биринчиси, транспорт бўлса, иккинчиси логистикадир. Бугунги кунда Ҳукумат томонидан транспорт харажатларини камайтириш, сайёҳларнинг авиақатновларга бўлган талабини қондириш мақсадида халқаро ва маҳаллий йўналишларда лоукостерлар фаолиятини самарали йўлга қўйиш, замонавий тезюрар поездларга чипта сотиб олиш механизмларини такомиллаштириш масалаларига жиддий эътибор қаратилмоқда.
Шу нуқтаи назардан, йиғилишда Президент Транспорт вазирлигига туризм соҳасида транспорт инфратузилмасини яхшилаш бўйича бир қатор топшириқларни берди.
Жумладан, 1 июлдан бошлаб, «Зиёрат туризми» дастури доирасида хорижий авиакомпанияларга кўрсатиладиган хизматларга 50 фоизгача чегирмалар жорий қилинади. 1 октябрга қадар эса, маҳаллий авиақатновларга мўлжалланган янги «Silk avia» компанияси ташкил этилади. Харажатларни камайтириш мақсадида 9 та самолёт тўлиқ эконом-классга ўтказилади.
Албатта, буларнинг барчаси Ўзбекистонда туризм соҳасидаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, қулай иқтисодий шароит ва омилларни яратиш, унинг иқтисодиётдаги ўрни ва улушини юксалтириш, хизматлар сифатини ошириш ҳамда туризм инфратузилмасини такомиллаштиришга қаратилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати