Ўзбекистон янгиликлари

Иброҳимжон домла Иномов: Суннатларга амал қилиб, хурофотларни кетказайлик!

Ўтган ҳафта давомида юртимизнинг бир гуруҳ таниқли ва воиз уламолари Тошкент вилоятидаги масжидларга ташриф буюриб, кундалик намозларни жамоат билан бирга адо этиб, мўмин-мусулмонларга маърифий суҳбатлар қилиб беришди.

Хусусан, кеча, 13 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов Янги йўл туманидаги “Саид ибн Зайд” жоме масжидига жума намозига ташриф буюриб, мўмин-мусулмонларга “Суннатга амал қилиш ва бидъатнинг зарарлари” мавзусида манфаатли мавъиза қилиб берди.

Мавъиза давомида Иброҳимжон домла ҳадис ва уламоларнинг сўзлари асосида мазкур мавзуни кенг шарҳлаб жумладан бундай дедилар:

– Дарҳақиқат, суннат бу динда юриладиган йўлдир. Ким энг тўғри йўлда юрмоқчи бўлса, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларида юриши лозимдир.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Аммо баъд, албатта сўзларнинг энг яхшиси Аллоҳнинг китобидир. Йўлларнинг энг яхшиси Муҳаммаднинг йўлидир. Ишларнинг ёмони янги чиқарилганидир. Ҳар бир бидъат залолатдир”, – деганлар (Имом Муслим ривоятлари).

“Бидъат” сўзи луғатда “ўхшаши бўлмаган янги нарсани пайдо қилиш, диний ақидаларга киритилган ўринсиз ислоҳ”, – деган маънони билдиради. Истилоҳда эса Аллома Иззиддин ибн Абдуссалом шундай таърифлаганлар: “Бидъат – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлмаган нарсани амалга оширишдир” (“Қавоидул аҳком” китоби). Демак, ибодатларда асри саодатда учрамаган, балки, кейинчалик динда янги пайдо бўлган амаллар бидъат ҳисобланар экан. Уламоларимиз бидъатни икки қисмга бўлганлар: бидъати ҳасана (яхши бидъат) ва бидъати саййиа (ёмон бидъат).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларини Ўз суннатлари (тутган йўллари)ни маҳкам ушлаш ва Расулимиздан кейин ўтган улуғ зотларнинг йўлларида бардавом бўлишга чиқириб, бундай деганлар: “Сизлар менинг ва тўғри йўлда юрувчи, ҳидоят топган хулафоларимнинг йўлини тутиб, уни озиқ тишларингиз билан тишлагандек, маҳкам ушланглар” (Имом Термизий ривоятлари).

Акс ҳолда суннатлар унутилиб, ҳар хил бидъат ва хурофотлар кўпаяди. Зеро, бу борада Амр ибн Авф разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай деганлар: “Мендан кейин унутилган суннатлардан бирини ким амалга тадбиқ қилса, сўнг унга одамлар амал қилсалар, у учун ўшанга амал қилган кишиларнинг савобича савоб бўлади ва бу уларнинг савобидан бирон нарсани камайтирмайди. Ким Аллоҳ ва Расули рози бўлмайдиган бир бидъатни пайдо қилса, у учун ўша бидъатга амал қилган кишилар гуноҳича гуноҳ бўлади, лекин бу уларнинг гуноҳидан бирон нарсани камайтирмайди” (Имом Ибн Можа ривоятлари).

Вакт ўтиб, инсонлар дин қонун-қоидаларидан узоқлашган сайин илм сусайиб, жаҳолат ва нодонлик юзага келиши оқибатида турли бидъат-хурофотлар юзага келади.

Демак, ҳаётимиз давомида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ўрганиб, кундалик ҳаётимизга татбиқ қилишимиз, турли шаръий асосга эга бўлмаган одат ва хурофотлардан сақланишимиз лозим бўлади.

Манфаатли мавъиза давомида Иброҳимжон домла Иномов намозхонларга уламолар Тошкент вилояти масжидларида бўлиб илм-маърифат улашаётгани, соҳага оид янгилик ва ўзгаришлардан бохабар қилинаётгани ҳақида маълумот берди.

Жума намози асносида Ҳақ таолодан юрт тинчлиги, халқ фаровонлигини сўраб хайрли дуолар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1570 times

Янгиликлар

Top