Ўзбекистон янгиликлари

Миср матбуоти "Декларациялар мулоқоти" Бухоро форуми ҳақида

Мисрнинг инглиз тилидаги «Сада ал-Билад» газетасида “Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида «Декларациялар мулоқоти» халқаро форуми ўтказилади” деб номланган мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Мақолада айтилишича, тадбир Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, АҚШ Глобал жалб қилиш институти, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Халқаро ислом академияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ҳамда Самарқанд ва Бухоро вилоятлари ҳокимиятлари томонидан ташкил этилмоқда.

Нашрда таъкидланишича, «Декларациялар мулоқоти» халқаро форуми Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 2018 йил қабул қилинган «Маърифат ва диний бағрикенглик» Махсус резолюциясида мустаҳкамланган тамойил ва қоидаларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси олиб бораётган изчил ишларнинг бир қисми бўлиб, 2020 йилда давлатимиз раҳбари томонидан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий стратегияси мақсадларига эришишга хизмат қилади.

Бўлажак форумда 2019 йилда бўлгани каби Европа, Осиё, Яқин Шарқ, Африка мамлакатлари ва АҚШ етакчи дин уламолари, илоҳиётшунослари, ҳуқуқшунослари, расмийлари тўпланади.

Халқаро учрашувнинг якунида Бухоро декларацияси қабул қилинади. Илгари Марокаш, Макка, Жакарта, Потомак ва Пунто-дел-Эстеда қабул қилинган декларацияларни тўлдирадиган ушбу ҳужжат Ўзбекистоннинг диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик ғояларини халқаро даражада қарор топтиришга қўшадиган муҳим ҳисса бўлади, деб хулоса қилади «Сада ал-Билад» газетаси.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1468 times

Янгиликлар

Top