Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон ва Миср диний-маърифий соҳада алоқаларни кенгайтиради

Қоҳира шаҳрида Ўзбекистон ва Миср ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг 10-давраси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Делегацияларга Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сидиқов ва Миср ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Айман Комил бошчилик қилди.

Томонлар Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги дипломатик алоқалар ўрнатилганлигининг 30 йиллиги билан бир-бирларини қутлар экан, икки давлатда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион, туризм, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада жадаллаштириш учун кенг имкониятлар мавжудлигини тасдиқлади.
2018 йил 4-5 сентябрь кунлари Тошкентда, 2022 йил 5 февраль куни Пекинда Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Абдулфаттоҳ ас-Сиси ўртасида бўлиб ўтган олий даражадаги музокаралар икки томонлама муносабатларни сифат ва мазмун жиҳатдан янги босқичга олиб чиққани қайд этилди.

Халқларимизга хос бўлган тарихий ва маданий муштараклик ҳамда урф-одатларнинг яқинлиги ва ўхшашлиги Ўзбекистон-Миср муносабатларининг мустаҳкам пойдевори сифатида хизмат қилаётгани алоҳида кўрсатиб ўтилди.

Учрашув давомида, шунингдек, икки давлат ишбилармонлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни қўллаб қувватлаш, ўзаро сайёҳлар оқимини ошириш, таълим, диний-маърифий, инновация, соғлиқни сақлаш, хавфсизлик ва ҳарбий-техникавий ҳамкорлик каби устувор соҳаларда алоқаларни кенгайтириш, буюк алломаларимиз меросини тадқиқ этиш, музейшунослик ва археологик ёдгорликлар йўналишларида қўшма лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

Халқаро ташкилотлар доирасидаги алоқалар ва минтақавий долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1004 times

Янгиликлар

Top