Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазрат Азҳари шариф мажмуасида юзлаб ватандошлар билан мулоқот ўтказдилар

Бугун, 10 июнь куни Муфтий ҳазратлари “Азҳар” масжидида жума намозини адо этгандан сўнг, ушбу мажмуа хонақоҳида жамланган бир неча юзлаб ватандошлар билан дилдан суҳбат қилдилар.

Муфтий ҳазратлари ҳадиси шарифларда илм олишнинг фазилати ва толиби илмларга бериладиган ажр-мукофотлар ҳақида сўзлаб, юртимиздан чиққан Имом Бухорий каби улуғ зотлар маърифат излаб дунёнинг турли ўлкаларида бўлганлари ва охири яна ўз ватанларига келиб, халққа хизматда собитқадам турганларини баён қилдилар.

 


Инсон қаерда ва қайси мақомда бўлмасин, доимо Ватанга бўлган муҳаббати жўш уриши, туғилган қишлоғи, ота-онаси ва фарзанду аржумандлари кўз олдидан ўтишини билдирдилар.
Муфтий ҳазратлари мамлакатимизда сўнгги йилларда масжид-мадрасалар очилиши, мавжудлари обод қилиниши, ўлкамизнинг ҳар бир ҳудудида Қуръони карим ва тажвид курслари фаолият олиб борилаётгани, мадрасалар фаолияти ҳамда таълим сифати тубдан яхшилаётгани ҳақида сўзлаб, мана шундай ишларда ал-Азҳар каби дорулфунунларни тамомлаган аҳли илмлар камарбаста бўлишлари зарурлигини сўзладилар.

 


Ўзга юртда яшаш, ишлаш ва ўқиш осон эмаслигини Муфтий ҳазратлари таъкидлаб, ватандошларга ўзлари яшаб турган давлат қонунлари ва тартибларига жиддий амал қилиш лозимлиги, Имом Бухорий авлодига муносиб бўлишга ватандошларни даъват этдилар.
Муфтий ҳазратлари учрашув якунида Ҳақ таолодан, барча ватандошларга сиҳат-саломатлик тилаб, Аллоҳ таоло Ўз паноҳида асрашини сўрадилар.
Шу билан Муфтий ҳазратлари бошчиликларидаги делегациянинг Миср диёри сафари ўз ниҳоясига етди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1242 times

Янгиликлар

Top