Ўзбекистон янгиликлари

Танловнинг республика босқичи иштирокчилари пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойларига саёҳат қилишди

Аввал хабар берганимиздек, шу кунларда диний таълим муассасалари ўртасида “Ватанни севмоқ иймондандир” иншолар танловининг республика босқичи бўлиб ўтмоқда. Унда танловнинг ҳудудий босқичида ғолиб бўлган 45 нафар талаба қатнашмоқда.

Бугун, 15 июнь куни танловнинг республика босқичи қатнашчиларига пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойларига саёҳат уюштирилди.

Тошкент шаҳридаги “Янги Ўзбекистон” боғига илк ташриф унинг марказий қисмида барпо этилган муҳташам бадиий обида – Мустақиллик монументи, унинг энг юқори қисмида – кўкда мағрур парвоз қилаётган Ҳумо қуши тасвири, буюк саркарда ва жаҳонгирлар, аллома ва мутафаккирлар, жадид боболаримизнинг ўлмас сиймолари акс этгани талаба-ёшларда, айниқса, катта таассурот қолдирди.

Шундан сўнг “Ғалаба боғи” ва унда жойлашган “Шон-шараф” музейига экскурсия ташкил этилди. Пойтахтимиздаги “Шон-шараф” давлат музейи, “Мангу жасорат” ва “Матонат мадҳияси” монументларини, тарихий-бадиий экспозицияларни ўз ичига олган “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси тарихий таълим ва тарбия, ғурур ва ифтихор мактабига айланган.

Шу маънода мажмуани кўздан кечираркан Иккинчи жаҳон урушида жасорат, фронт ортида матонат ҳамда инсонпарварлик намуналарини кўрсатган кўп миллатли Ўзбекистон халқининг фашизм устидан қозонилган буюк ғалабани таъминлашга қўшган муносиб ҳиссаси, уларда қатнашган юртдошларимизнинг беқиёс жасорати ва матонатини тарих саҳифаларига муҳрлагани талаба-ёшларнинг ҳар бирида Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳи жўш ургани, шубҳасиз.

Саёҳат давомида талаба-ёшлар Ўзбекистон Республикасининг олий давлат вакиллик органи – Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ҳам бўлиб, муҳташам бинонинг мажлислар зали, кутубхонаси, парламент музейи билан яқиндан танишишди.

Ташриф давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов ва Ёшлар парламенти вакиллари ва танловнинг Республика иштирокчилари билан ташкил этилган учрашув ёшларда катта таассурот қолдириши билан бирга, қизғин савол-жавобларга бой бўлди. Хусусан, улар мамлакатимиз парламенти фаолиятига оид кўплаб саволларига жавоб олди.

Саёҳат давом этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1015 times

Янгиликлар

Top