Ўзбекистон янгиликлари

Хушхабар: Диний таълим муассасаларига хорижлик фуқаролар ҳам қабул қилинади

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ва “Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаларига 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб хорижлик фуқароларни ўқишга қабул қилиш жорий қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими маълум қилди.

Хорижлик фуқаролар диний таълим муассасалари Қабул ҳайъатига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

– Қабул ҳайъати раиси номига ариза;
– маълумоти ҳақидаги ҳужжатларнинг асл нусхаси;
– соғлиғи тўғрисидаги тиббий хулоса (белгиланган намунадаги);
– миллий паспорт (амалдаги визаси билан);
– 6 дона рангли фотосурат (3,5 х 4,5 ҳажмдаги);
– фуқаролиги бўлган мамлакатнинг муфтийси (мамлакатда муфтий лавозими мавжуд бўлмаган тақдирда дин ишлари бўйича тегишли давлат бошқаруви органи) томонидан берилган тавсиянома (ёки йўлланма).

Диний таълим муассасаларида хорижлик фуқароларнинг ҳужжатлари 2022 йил 1 июлдан 30 июлгача (шу куни ҳам соат 18:00 гача) қабул қилинади.

Хорижлик фуқаролар диний таълим муассасаларига Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ўтказиладиган ижодий суҳбат (имтиҳон) натижаларига кўра ўқишга қабул қилинади. Хорижлик фуқароларни Диний таълим муассасаларида ўқитиш тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

Диний таълим муассасаларида хорижлик фуқароларни ўқитиш таълим муассасаларининг дастурида назарда тутилган ўзбек, араб ва рус тилларида олиб борилади. Мазкур тиллардан бирини билмайдиган хорижлик абитуриент тил ўрганиш учун ўқишни таълим муассасасида ташкил этилган тайёрлов курсида ўзбек ва араб тиллари бўйича тўлов-контракт асосида бир ўқув йили давомида тил ўргатилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2536 times

Янгиликлар

Top