Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон элчихонаси вакиллари Малайзиянинг Ислом туризми ҳафталигида иштирок этди

Ўзбекистон элчихонаси Путражайя шаҳрида ўтказилган Малайзия Ислом туризми ҳафталигининг расмий очилиш маросимида иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирни мамлакат туризм, санъат ва маданият вазири Нэнси Шукри ҳамда вазирлик ҳузуридаги Ислом туризми маркази Бош директори Моҳмед Разип Ҳасан очиб берди.
Нэнси Шукри томонидан туризм ва меҳмондўстлик соҳалари ҳамда уларга бевосита боғлиқ бўлган иқтисодиёт тармоқларининг тўлиқ тикланишини таъминлаш мақсадида Малайзия ҳукумати халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор бераётганини маълум қилди. Шу ўринда Малайзия томони хорижий шериклар, хусусан биродар Ўзбекистон билан биргаликда ўзаро туризм салоҳиятини кенг тарғиб қилишга тайёрлигини билдирди.
Вазир Малайзия туризм салоҳиятини кенг ва тизимли тарғиб қилиш стратегиясига тўхталиб, мамлакатнинг дунёдаги етакчи 10 та сайёҳлик йўналишлари сифатида ўрнини тиклаш режалари билан ўртоқлашди. Мамлакат чегаралари жорий йил 1 апрелидан очилганидан сўнг ташриф буюрувчилар оқими июнь ойи ҳолатига кўра 2 миллиондан ошгани сабабли, йилнинг охиригача камида 4,5 миллион сайёҳни қабул қилиш режаси эълон қилинди. Бугунги кунда сайёҳлар оқими асосан тўғридан-тўғри ва мунтазам рейслар амалга ошириладиган мамлакатлар ва қўшни Сингапур билан тикланиб бормоқда.
Моҳмед Ҳасан “Жаҳон мусулмон туризми индекси” рейтингида Малайзиянинг жорий йилда ҳам биринчи ўринни эгаллаганини таъкидлаб, мазкур йўналишдаги илғор тажрибаси билан ўртоқлашди.
Тадбир доирасида Малайзия мутасаддилари билан музокаралар ўтказилди. Хусусан, Ислом туризми маркази бош директори бу йил Ўзбекистон халқаро рейтингда яна 7 поғона юқорилаб, 138 мамлакат орасида 9-ўринни эгаллаганини алоҳида эътироф этди. Шу ўринда, республика туризм инфратузилмасининг жадал ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар, жумладан Самарқанд шаҳридаги замонавий аэропорт ишга туширилиши ҳамда барпо этилаётган Самарқанд халқаро туризм маркази лойиҳасини Малайзия томони юқори баҳолади.
Туризм соҳасида икки мамлакат ўртасида ҳамкорлик лойиҳаларининг муҳокамаси натижасида республика Туризм ва маданий мерос вазирлиги билан тузилган ишчи гуруҳ фаолиятини жадаллаштириш ҳамда Малайзия Ислом туризми маркази раҳбариятининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил қилиш бўйича келишувларга эришилди.
Бўлажак ташриф доирасида Ўзбекистон Туризм ва маданий мерос вазирлиги ходимлари, вилоят ва шаҳар ҳокимларининг туризм масалалари бўйича ўринбосарлари, туризм соҳаси бошқа вакилларининг малакасини ошириш ва илғор тажриба алмашиш мақсадида ўқув семинари ташкил этиш кўзда тутилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1036 times

Янгиликлар

Top