Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистондаги диний соҳа ислоҳотлари Германия ОАВлари нигоҳида

«Wostok» (Берлин) журнали. 25 йилдан ортиқ вақт давомида чоп этиб келинаётган Германиянинг «Wostok» ихтисослаштирилган ҳар чораклик журналида "Диний сиёсат - барқарорлик ва хавфсизлик омили" мақоласи чоп этилди, хабар бермоқда ЎзА.

Мақолада қайд этилишича, Президент Шавкат Мирзиёев 2016 йил декабрь ойида лавозимга киришганидан сўнг мамлакатда муҳим ўзгаришлар рўй берди ва кўплаб соҳаларда, жумладан, диний-маърифий соҳада кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.

"Ҳар бир конфессия тарафдорлари ўз динларига эркин ва тўсиқсиз эътиқод қилишлари учун барча шароитлар яратилган", дейилади мақолада. Диндорлар масжидларда, черковларда, ибодатхоналарда бемалол ибодат қилишади, рўза тутишади ва ҳаж амалларини бажаришади. Диний ташкилотлар мулкка эгалик қилиш, адабиётларни нашр этиш, ўз диний хизматчиларини ўқитиш ва муқаддас жойларга ҳаж зиёратларини ташкил этиш ҳуқуқига эга. Ўзбекистон миллий қонунчилиги билан кафолатланган виждон эркинлиги барча фуқаролар – 138 миллат ва этник гуруҳ вакилларининг диний эҳтиёжларини қондириш учун барча зарур шарт-шароитларни яратиб берди".

Нашр маълумотларига кўра, БМТнинг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳиднинг 2017 йил октябрь ойида Ўзбекистонга ташрифи ортидан дин соҳасида чора-тадбирлар мажмуини амалга ошириш бўйича алоҳида ҳужжат қабул қилинган. "Махсус маърузачи диний ташкилотлар фаолиятини рўйхатга олиш ва амалга ошириш тартибларини соддалаштириш, шунингдек, мамлакатда диний таълим тизимини такомиллаштириш борасида эришилган ютуқларни қайд этди, - деб ёзади немис матбуоти. - 2018 йилда диний эркинликларни таъминлаш соҳасидаги вазият сезиларли даражада яхшиланганини ҳисобга олиб, Ўзбекистон 2006 йилдан буён сақланиб келаётган "Алоҳида хавотирдаги давлатлар" рўйхатидан чиқарилди. 2020 йил декабрида АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни диний эркинликларни таъминлаш бўйича "Махсус кузатувдаги давлатлар рўйхати"дан чиқариб ташлади".

Мақола якунида, умуман олганда, Ўзбекистоннинг динлараро мулоқот ва жамиятдаги диний бағрикенгликни мустаҳкамлашга қаратилган сиёсати барқарорлик ва хавфсизликнинг муҳим омили эканлиги таъкидланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1319 times

Янгиликлар

Top