Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратлари: Аллоҳга шукр, ҳаж амаллари шариатга мувофиқ, гўзал адо этилди

Бугун, 12 июль куни Макка шаҳрида “Ҳаж – 2022”нинг делегацияси, ишчи гуруҳи, шифокорлар ва ошпазлар жамоалари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев қатнашдилар.

Дастлаб Муфтий ҳазратлари ҳаж амаллари шариатга мувофиқ, чиройли адо этилганини билдириб, Мино, Арафот, Муздалифа, Жамаротдаги ибодатлар ва қурбонликлар ўз вақтида бажарилганини алоҳида такидладилар. Бунинг учун тинимсиз меҳнат қилган ишчи гуруҳи, шифокорлар жамоаси ва ошпазларга миннатдорлик изҳор этдилар. Муфтий ҳазратлари ҳожига кўмак берган, оғирини енгил қилган инсон улуғ савобларга ноил бўлишини сўзладилар. Ҳар бир ишчи гуруҳи ва элликбошилар ана шундай улуғ даражаларни мақсад қилиб, Раҳмоннинг меҳмонларига Ўзи рози бўладиган даражада сидқидилдан хизмат қилганларини алоҳида қайд этдилар.

Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев аввалги ҳаж мавсумига нисбатан жорий йилги квота сезиларли даражада ошгани, умумий зиёратчилар сони 12 минг нафарни ташкил этгани, ўз навбатида ушбу рақам мамнунлик билан бирга катта масъулият юклагани, ўйлагандан-да зиёда бўлганини билдирди. Шунингдек, раис юртимиз ҳожилари Исломнинг бешинчи фарзини бажариш чоғида ҳукуматимизнинг кўмагини, беқиёс ғамхўрлигини ҳис қилиб турганлари, Ислом динининг бешинчи рукнини бажариш учун барча шарт-шароитлар яратиб берилганини алоҳида қайд этди.

Нотиқлар қаторида сўзга чиққан Ўткир Ҳасанбоев ҳаж амалларини адо этиш бахтига муяссар бўлган юртдошларимиз муборак заминда қолган вақтларини ҳам мазмунли ўтказишлари, бу кунларнинг ҳар бир сониясини ғанимат билиб, ундан фойда олиб қолишлари ва элликбошилар суҳбатларни давом эттиришлари даркорлигини сўзлади.

Ҳожилар ва уларнинг яқинлари, хусусан, ёш қори-қориялар томонидан хатми Қуръон қилиш жадал давом этаётгани, Каломи шариф хатмонасидан ҳосил бўлган савобларни Юрт раҳбари, Ватан ободлиги ва дин ривожига бахшида этаётганлари кишини хурсанд қилаётгани таъкидланди. Мана шундай хатми Қуръонларнинг якуни, ушбу йиғилишда мамлакатимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ҳамда ушбу улуғ сафарнинг юқори савияда ташкил этилгани учун барча мутасаддиларнинг ҳақларига дуолар қилинди.

Муборак сафарда эришилган яхши натижаларнинг барчаси ўлкамизда одамларни рози қилиш йўлида олиб борилаётган хайрли ишлар мевасидир. Аҳолиси рози юртга Ҳақ таоло ҳам неъматларини ёғдиради, инша Аллоҳ.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1666 times

Янгиликлар

Top