Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори


Муборак Рамазон ҳайитининг маънавий ҳаётимиздаги олижаноб фазилатларни, шукроналик, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик каби эзгу қадриятларни мустаҳкамлаш борасидаги ўрни ва аҳамиятини эътиборга олиб, миллий-диний анъаналаримизни асраб-авайлаш ва улуғлаш мақсадида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Рўза ҳайитини дам олиш куни деб эълон қилиш тўғрисида”ги 1992 йил 27 мартдаги ПФ-368-сон Фармонига мувофиқ:

1. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2017 йилда Рамазон ҳайитининг биринчи куни 26 июнь душанба кунига тўғри келиши ҳақида қабул қилган қарорини инобатга олиб, 2017 йил 26 июнь дам олиш куни деб белгилансин ва мамлакатимизда байрам сифатида кенг нишонлансин.

2. Республика «Нуроний», «Маҳалла» жамғармалари ва бошқа мутасадди идоралар, жамоат ташкилотлари Рамазон ҳайитини жойларда халқимизнинг миллий урф-одатларига мос тарзда, тартибли ва юқори даражада ўтказиш учун зарур тадбирларни амалга оширсин.

3. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Рамазон ҳайитини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.


Ўзбекистон Республикаси Президенти                                   Ш.МИРЗИЁЕВ


Тошкент шаҳри, 2017 йил 20 июнь

Read 6607 times

Янгиликлар

Top