Ўзбекистон янгиликлари

“Вақф” фонди 2022 йилнинг биринчи ярмида қандай ишлар амалга оширди?

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Вақф” хайрия жамоат фонди ахборот хизмати раҳбари Саидаброр Умаров иштирокида брифинг ташкил этилди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг олти ойи давомида “Вақф” фонди томонидан қарийб 7 миллиард сўм маблағ хайрия қилинган.
Жумладан, диний таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари фаолиятини молиялаштириш учун 37 миллион 217 минг 520 сўм, диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, ўқувчи-талабаларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун 721 миллион 402 минг 550 сўм, Ногиронлар жамияти аъзолари ва Махсус мактаб интернатларда таҳсил олаётган кўмакка муҳтож ҳамюртларимиз учун – 38 миллион 962 минг сўм, масжидлар қурилиши учун 211 миллион 550 минг сўм, масжидлар ва зиёратгоҳлар ходимларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун 71 миллион 900 минг сўм ажратилган.

ЎзА хабарига кўра, шу билан бирга, ночор, кўмакка муҳтож фуқароларга турли моддий кўринишда берилган ёрдамлар учун 2 миллиард 472 миллион 951 минг 31 сўм, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан имконияти чекланган, ногиронлиги бор бўлган шахсларни моддий қўллаб-қувватлаш учун 1 миллиард 613 миллион 578 минг сўм, фонд томонидан ташкил этилган турли хайрия тадбирлари учун – 1 миллиард 134 миллион 938 минг 600 сўм, вилоят вакилликларининг маъмурий ҳаражатлари учун 131 миллион 257 минг сўм ҳамда сув танқис ҳудудлардаги аҳолига ичимлик суви чиқаришга қаратилган “Вақф сувлари” лойиҳаси учун – 245 миллион 400 минг сўм сарфланди.

Шунингдек, “Қуръони карим ва тажвид” курси тингловчиларини моддий қўллаб-қувватлаш учун 10 миллион 800 минг сўм, масжидлар ва диний таълим муассаларига тарқатилган диний-маърифий китоблар ҳамда дарсликлар учун 134 миллион 577 минг сўм сарфланган.

Қурбон ҳайити муносабати билан 2 минг 200 га яқин оилаларга 436 миллион 500 минг сўмлик озиқ-овқат маҳсулоти хайрия қилинган. Фонднинг 14 та ҳудудий филиаллари томонидан ҳомийларни жалб қилган ҳолда 8 та қора мол ва 72 та қўй қурбонлик қилиниб, ҳақдорларга улашилган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 927 times

Янгиликлар

Top