Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон италиялик сайёҳ нигоҳида

Италия фуқароси Федерико Ди Пьетро «Дунё» АА мухбири билан суҳбатда оиласи билан Ўзбекистонга қилган саёҳати ҳақидаги таассуротларини сўзлаб берди.

– Саёҳатимиз 2-13 июнь кунлари бўлиб ўтди. Сафарга мен, аёлим, 3 ёшли қизим ва 4 ойлик ўғлим билан бирга чиқдик.

Биз «Turkish Airlines» авиакомпанияси самолёти билан Миландан Истанбулга, кейин Ўзбекистонга учдик. Саёҳатимиз давомида Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарларга бордик. Ўзбекистон шаҳарларига бориш учун «Afrosiyob» тезюрар ва Тошкент – Урганч йўналишидаги поездларидан фойдаландик.
Қадимги Буюк ипак йўли бўйлаб ажойиб саёҳат бўлди. Ўзбек халқи ниҳоятда меҳмондўст экан. Мамлакат бўйлаб болалар билан бемалол саёҳат қилишингиз мумкин. Барча жойда хавфсизлигингиз таъминланган.

Ўзбекистонда оилага катта ҳурмат билан қарашади. Кўплаб ёш болали аёллар, оилалар ва болаларни кўрдик. Ўзбеклар бизга ниҳоятда меҳр ва эҳтиром билан муносабатда бўлди. Кўп ҳолларда ўз ёрдамини таклиф қилди (аравачани кўтаришарди, чақалоқни қўлга олишарди, болаларга кичик совғалар беришарди, такси тополмай қолганимизда меҳмонхонагача кузатиб қўйишарди ва ҳоказо).

Кўчада маҳаллий аҳоли билан дўстлашдик, бирга суратга тушдик. Овқатланиб олишимиз учун аёллар ва қизлар 4 ойлик ўғлим Тицианни ушлаб туришни таклиф қилишарди.

Биз 3 ёшли қизимизни ўйин майдончаларига олиб бордик. Бу бизга бошқа ўзбек оилалари ва уларнинг фарзандлари билан бирга маҳаллий самимий муносабатларни ўзимизда ҳис қилиш имконини берди. Қизимиз Екатерина маҳаллий болалар билан бирга турли ўйинлар ўйнашни ёқтириб қолди.

Палов, шўрва, лағмон, манти, кабоб, патир нон каби мазали ва тўйимли миллий ўзбек таомларидан ҳақиқатда завқ олдик. Бизнинг энг севимли ресторанимиз Самарқанддаги «Эски шаҳар» бўлди. У ерда хуштаъм таомлар таклиф қилишдан ташқари аъло даражада хизмат кўрсатишди.

Саёҳатни ўзимиз мустақил ташкил қилдик. Авиачипталар ва поездларни бронь қилишдан тортиб саёҳат йўналишларини танлашгача бўлган жараённи ўзимиз амалга оширдик. Саёҳатимизнинг барча ҳаражатлари 2 минг 800 еврони ташкил қилди.

Facebookдаги болалар билан саёҳат қилишга бағишланган гуруҳда саёҳат ҳисоботи ва фотосуратларни жойлаштирдик. Постларимиз жуда муваффақиятли чиқди. Кўпчилик фойдаланувчилар бизнинг тажрибамиз уларга Ўзбекистонга қиладиган сайёҳатлари учун ёрдам беришини таъкидлади.

Биз бошқа италиялик оилаларни илҳомлантирганимиздан жуда мамнунмиз ва Ўзбекистонга Италиядан саёҳат қилишни истаган ҳар бир кишига маълумот беришдан хурсандмиз. Ўзбекистон оилавий, хусусан, болалар билан саёҳат қилиш учун энг хавфсиз ва жозибадор йўналиш эканига ўзимизнинг тажрибамиз орқали ишончимиз комил бўлди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1000 times

Янгиликлар

Top