Ўзбекистон янгиликлари

Модарихон мадрасаси туристлар учун саёҳат маршрутига киритилади

Аввал хабар қилганимиздек, жорий йилнинг 22–24 июль кунлари «Ўзбекистон маданий мероси – янги Ренессанс пойдевори» VI Халқаро Конгресси бўлиб ўтди.
Конгрессда 32 мамлакатдан келган 350 нафар илм-фан олами эгалари иштирок этишди. Конгресс давомида 100 дан ортиқ маърузалар ўқилди, давра суҳбатлари, сессиялар ўтказилди.

Маълумот учун: Бутунжаҳон жамияти «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» лойиҳаси асосида ташкил этилган ва 2018 йилда Парижда расман рўйхатдан ўтган.

Darakchi.uz билдиришича, Халқаро конгресс фонида Бухородаги Модарихон мадрасасида "Ҳунармандчилик маркази" нинг барпо этилиши ва унинг сайёҳлар учун ташриф манзилига айлантирилди.

Маълумотларга кўра, XX асрнинг бошларида Бухорода 250 дан зиёд мадраса мавжуд бўлган. Шулардан бири 1566—67 йилларда Абдуллахон томонидан онаси шарафига бунёд этилган “Модарихон” мадрасасидир. XVI аср меъморчилик анъаналарини ўзида ифодаловчи бу ёдгорлик Абдуллахон мадрасаси қаршисида жойлашган.

Иккаласи Қўш мадраса мажмуасини ташкил қилади. Мадраса улкан пештоқ, миёнсарой, дарсхона, масжид ва ҳовли атрофида икки қаватли қилиб қурилган айвонли ҳужралардан иборат.

Хоналарнинг ҳар бирида эшик ва унинг тепасида ганчкори панжара мавжуд бўлган.“Модарихон” мадрасаси 1960 йилда давлат томонидан муҳофазага олинган.
Шундан сўнг мадраса биноси туристлар учун саёҳат маршрутига киритилади. Истиқлол йилларида мадраса тўла таъмирланиб, кўҳна Бухоро кўркига кўрк қўшди.
Бухоро шаҳар прокуратураси ташаббуси билан айни вақтга қадар бўш турган мазкур маданий мерос объектидан самарали фойдаланиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 8 апрелдаги “Давлат мулкини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосан мадраса Бухоро шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказига берилди.

Ўз даврида илм-маърифат маскани ҳисобланган ушбу мадраса таъмирлаш-пардозлаш ишларидан сўнг ҳунармандчилик марказига айланди.
Эндиликда бу ерда 20 нафар ҳунармандлар томонидан мономарказ билан тузилган шартнома асосида мисгарлик, ёғоч ўймакорлиги, кандакорлик, каштачилик, зардўзлик, миниатюра рассомчилиги сингари ҳунарларни ўргатиш имконияти яратилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 931 times

Янгиликлар

Top