Ўзбекистон янгиликлари

Бухоролик ҳожилар ҳаж сафаридан қайтди

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ўзбекистонлик зиёратчилар жорий йилнинг 18-30 июнь кунлари Тошкент-Мадина, Бухоро-Мадина, Наманган-Мадина, Самарқанд-Мадина, Қарши-Мадина, Урганч-Мадина, Нукус-Мадина йўналишлари бўйича ҳаж сафарига кузатилган эди.

Бу муқаддас зиёратга биргина Бухоро вилоятидан жорий йилда жами 11 та гуруҳда 522 нафар юртдошимиз иззат-икром билан жўнатилди. Уларнинг ислом дини арконларидан бири ҳаж сафарини кўнгилдагидек амалга оширишлари учун ҳукуматимиз, вилоят ҳокимлиги, қолаверса, республика Дин ишлари бўйича қўмита томонидан барча шароитлар яратилгани қувонарли, албатта. 

Муқаддас амални бажариб она юртга ёруғ юз ва юксак мақом билан қайтган ҳожиларимизни кутиб олиш маросимлари ҳам Бухорода тантанали равишда ташкил этилди. Дастлаб Бухоро вилоятидан бўлган 37 нафар зиёратчи Бухоро темир йўл вокзалида кутиб олинди. Яна 245 нафар зиёратчимиз, қолган барча ҳожиларимиз Навоий вилоятидан муқаддас сафарга отланган юртдошларимиз билан бирга ҳаво йўли орқали “Жидда-Бухоро” йўналишида вилоятга етиб келди. 

Кутиб олиш маросимида вилоят ҳокими ўринбосари Эркин Мажидов сўзга чиқди. Барча зиёратчиларни муқаддас ҳаж амалини адо этганликлари билан қутлади. Уларнинг келгусидаги фаолиятларига муваффақият тилади. Ўз навбатида, ҳожилар номидан сўзга чиққанлар юртимизда виждон эркинлигини таъминлаш, фуқароларнинг ўзлари истаган динга эътиқод қилишлари учун барча шароит яратилгани, қолаверса, ҳаж амалини адо этиш жараёнида ҳам меҳмонхона, ҳаракатланиш, тиббий хизмат ва бошқа масалаларда ҳукумат эътиборини ҳар қадамда ҳис этиб турганликларини алоҳида таъкидлашди.  

– Давлатимиз яратиб берган имкониятлар, ўзимизга яратилган қулай шароитлардан фойдаланиб, ислом динининг бешинчи рукнини адо этган бухоролик 500 нафардан ортиқ ҳожилардан бири сифатида яратганга шукроналар қиламан, – дейди Олим Азимов. – Муқаддас Макка ва Мадина шаҳарларидаги табаррук қадамжоларда бўлиб, яқинларимиз, халқимиз ва юртимиз ҳақига дуолар қилдик. 

Зиёратчиларнинг кутиб олинишини тартибли ташкил этиш мақсадида вилоят ИИБ ҳамда Ўзбекистон Миллий гвардиясининг Бухоро вилояти бўйича бошқармаси томонидан жамоат тартибини сақлаш бўйича хавфсизлик чоралари кўрилди. Қолаверса, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати вилоят маркази ходимлари томонидан ҳаж зиёратидан қайтган юртдошларимиз гуруҳ раҳбарлари бошчилигида тартибли равишда аэропорт чегара ўтказиш пунктида коронавирус инфекциясига бепул экспресс-антиген тест кўригидан ҳам ўтказилди. Муҳими, бир ой давомида Макка ва Мадина шаҳарларида бўлган вилоятдошларимиз муқаддас ҳаж амалининг барча рукнларини бажариб, зиёратнинг энг сўнгги босқичи ҳисобланган видолашув тавофини ҳам адо этиб қайтишди. 

Юзларида улуғ зиёрат файзи, шукроналик ҳисси ва юрт соғинчи ифодаси кўриниб турган ҳожилар давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари томонидан ҳурмат ва эҳтиром билан кутиб олинди.  

Зариф Комилов,  
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА

Read 1364 times

Янгиликлар

Top