Ўзбекистон янгиликлари

Ислом цивилизацияси маркази  кутубхона фонди манбалари 500 мингдан ошди

Бугун,  9 август куни пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида  “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” Давлат дастури ижроси борасида амалга оширган ишларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Марказ раҳбарияти ва илмий ходимлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Марказнинг 2022 йил биринчи ярим йиллигидаги фаолияти ва келгусидаги режалари ҳақида Марказ директори Шоазим Миноваров сўз олиб,  Марказ фаолиятини  ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда унинг олдига қўйилган вазифаларни сифатли ва талаб даражасида бажариш учун муносиб шарт-шароитларни яратиш борасида ҳукуматимиз, шахсан, Президентимиз томонидан доимий ғамхўрлик ва эътибор қаратиб келинаётганини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, тадбирда Марказ томонидан ўтган  давр мобайнида “Шарқ ва Ғарб” нодир китоблар коллекцияси фиҳристи ўзбек, рус, инглиз, араб ва француз тилларига таржима қилингани  ва 4 та жилдда  нашрдан чиқарилгани ҳамда Марказ кутубхонаси фонди жами 515 419 та ёзма манба, замонавий нашр ва электрон нусхадаги манбалар билан бойитилганлиги ҳақида сўз юритилди. Жумладан, ҳозирда Марказ фондининг ёзма манбаларидан 465 та қўлёзма, 623 та тошбосма, 19 415 та замонавий нашрлар ҳамда 494 916 та электрон нусхадаги манбаларни ташкил этади.

Республика фондларида сақланаётган 106 минг 525 та ёзма манбалар тўғрисида маълумотлар базаси яратилиб, уларнинг илмий таҳлили асосида 50 минг 795  та манбаларнинг реестри (паспорти) тайёрланди.

Халқаро ҳамкорлик доирасида, жумладан, Қатар миллий кутубхонасида сақланаётган 19 351 та электрон манбалар, шундан   6,8 минг архив файллари, 1,3 минг хариталар, 591 та фотосуратлар ва 300 га яқин қўлёзмаларнинг электрон нусхаларидан фойдаланишга имконият олиниб, улардан шу кунгача 400 та ноёб қўлёзма манбалар ва 300 та архив ҳужжатлари марказнинг электрон нусхалар фондига юклаб олинган.

Қолаверса, анжуманда Марказ қошида “Алломалар мероси” ўқув маркази ташкил этилиб, республика бўйича 12 та филиали фаолият юритаётгани ҳақида ҳам маълумот берилди. Таъкидланишича, мазкур ўқув марказларга араб тили, хаттотлик, Қуръони каримни ўрганиш бўйича мурожаат қилаётганлар тобора ортиб бормоқда. Бу ҳам халқимизнинг Қуръонга ва илмга бўлган ташналигидан даракдир.

Марказнинг яна бир хайрли ишларидан бири аҳоли ўртасида китобхонлик маданиятини шакллантиришга қаратилгандир. Жумладан, Марказ ташаббуси билан  Тошкент шаҳридаги Ҳазрати Имом мажмуаси майдонида, очиқ осмон остида биринчи бор “Китоб–камолот калити” илмий‐маърифий китоблар кўргазмаси ва савдоси ўтказилди. Кўргазма ва савдода юртимиздаги нашриётлар, босмахоналар ва китоб дўконлари илмий, маърифий ва бадиий китоблари билан иштирок этди.

Рамазон муносабати билан Ҳазрати Имом мажмуасида ўтказилган ушбу маърифий тадбир доирасида китоблар тақдимоти, таниқли шахслар иштирокида ёшларни илм-маърифатга даъват этадиган суҳбатлар, шунингдек китобхонлар ўртасида совринли танловлар ўтказилди. Хаттотлик санъати бўйича маҳорат дарслари ташкил этилди. Шунингдек, нашриёт ва босмахоналар ўртасида турли номинациялар бўйича танловлар ўтказилиб, ғолибларга сертификат ва эсдалик совғалари топширилди. 

Китоб кўргазмаси ҳамда китобхонлик тадбирларининг узвий давоми сифатида Марказ илмий ходимлари томонидан Фарғона водийси вилоятлари ва Қашқадарёда  ушбу тадбирлар  давом эттирилди.

Тадбир сўнггида Марказ раҳбарияти журналистларнинг қизиқтирган барча саволларига батафсил жавоб бердилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1281 times

Янгиликлар

Top