Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистонда диний эркинликларнинг таъминланиши Малайзия илмий доиралари диққат марказида

Малайзия Миллий университети сайтида "Ўзбекистонда диний бағрикенглик – ёндошув ва қарашлар ўзгариши" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Унда қайд этилишича, 2018 йил декабр ойида БМТ Бош Ассамблеяси томонидан "Маърифат ва диний бағрикенглик" деб номланган махсус резолюциянинг қабул қилиниши Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурган ташаббусининг амалий ижроси бўлди. Таклиф этилган резолюциядан кўзланган асосий мақсад “таълим олиш учун умумбашарий эркинликни таъминлаш, саводсизлик ва жаҳолатни бартараф этиш” билан изоҳланади.
Алоҳида таъкидланганидек, ҳужжат бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни тарғиб қилиш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод кишиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан камситишларнинг олдини олишга қаратилган.
Мақолада сўнгги беш йил ичида Ўзбекистонда сезиларли ўзгаришлар рўй бергани ва кўплаб соҳаларда, жумладан, диний-маърифий соҳада кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилгани ҳам ўз эътирофини топган.
“Диний соҳада амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ва ўзгаришлар натижасида Бухородаги Мир Араб Олий мадрасаси ва Самарқандда ҳадисшунослик мактаби ўз фаолиятини бошлади. Шу билан бирга, Ўзбекистонда диний ва маънавий меросни асраб-авайлаш, мавжуд фондларни бойитиш, маҳаллий ва хорижий тадқиқотчилар учун тарихий манбалар билан ишлаш учун зарур шарт-шароитларни яратиш, тарихий ва маданий мерос намуналарини ҳар томонлама тадқиқ этишга катта аҳамият берилмоқда”, деб ёзади Малайзия Миллий университети сайти.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 899 times

Янгиликлар

Top