Ўзбекистон янгиликлари

Диний-маърифий суҳбатлар Юнусобод тумани масжидларида давом этди

Шу кунларда бир гуруҳ уламо ва таниқли имом-хатиблар пойтахтимизнинг бир қанча туман ва масжидларида бўлиб, жамоатга илмий-маърифий суҳбат қилиб бермоқдалар. Ана шундай манфаатли мулоқот бугун, 22 август куни ҳам давом этди.
Бу сафар юртимизнинг бир гуруҳ таниқли уламолари Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги масжидларга ташриф буюриб пешин ва хуфтон намозларини жамоат билан бирга адо этиб, мўмин-мусулмонларга маърифий суҳбатлар қилиб бердилар.
Унга кўра, Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков пешин намозига “Минор” жоме масжидига ташриф буюриб, намозхонларга "Дин дағаллик билан етказилмайди" мавзусида маъруза қилиб, динимизнинг асл моҳияти ва мақсади ҳақида йиғилганларга кенг тушунча бердилар.
Юнусобод тумани “Мирза Юсуф” жоме масжидига ташриф буюрган намозхонлар эса пешин намозидан сўнг Ўзбекистон мусулмонлар идораси раисининг ўринбосари, фазилатли устоз Иброҳимжон домла Иномовнинг “Ота-онага яхшилик қилиш ҳамда устозлар ва раҳбарларни эҳтиромлаш” мавзусидаги диний-маърифий мавиъзасидан баҳраманд бўлдилар. Иброҳимжон домла ўз сўзида мазкур мавзу бўйича ояту ҳадислардан мисоллар келтириб, уларни батафсил шарҳлаб, йиғилганларнинг саволларига ҳам жавоб бердилар.
Пешинда “Камолиддин Ориф ал-Бухорий” жоме масжиди жамоати эса "Ракат" жоме масжиди имом хатиби Раббимқул домла Муҳаммадиевнинг "Олимларнинг ҳурмат қилиш фазилати" мавзусидаги илмий маърифий суҳбатини тингладилар. Шунингдек, Тошкент шаҳар бош имом хатиби ўринбосари Абдуқаҳҳор домла Юнусов Юнусобод тумани “Муҳаммад Носир ҳожи” жоме масжидига ташриф буюриб, пешин намозидан сўнг намозхонларга айни кундаги долзарб масалалар бўйича маъруза қилиб бердилар.
Бундай манфаатли суҳбатлар давом этмоқда.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1016 times

Янгиликлар

Top