Ўзбекистон янгиликлари

БЕШ ШАҲАРДА ҚУРЪОН КУРСЛАРИ ОЧИЛДИ

 Бундан беш йилча олдин муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятига ташриф буюрганларида “Қуръонни эшитиш, эшита олиш юксак маънавият, маърифат. Қуръон ҳеч қачон ёмонликка даъват қилмайди. Агар Қуръони каримни эшита олсак, эшиттира олсак, бу муваффаққият бўлади, элимизга нур келади”, дея таъкидлаган эдилар.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда барча соҳалар қатори диний-маърифий йўналишда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар юртимиз мўмин-мусулмонларини беҳад қувонтиряпти. Фойдаланишга топширилаётган янги масжидлар намозхонларнинг баҳридилини очаётган, янги мадрасалар ёшларга илм ўчоғи бўлаётган бўлса, “Қуръони карим ва тажвид” ўқув-курслари халқимизга зиё таратишда муҳим аҳамият касб этяпти.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури”нинг 6-банди ижросини таъминлаш ҳамда фуқароларнинг Қуръони каримни тажвид билан ўқишга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида Тошкент вилоятининг Ангрен, Бекобод, Чирчиқ, Нурафшон ва Янгийўл шаҳарларида Қуръони карим ва тажвид бўйича ўқув-курслари фаолияти йўлга қўйилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 01А/117-сонли буйруғи асосида ташкил этилган мазкур ўқув-курсларида эндиликда малакали мутахассислар, Қуръони карим ходимлари юртдошларимизга Каломуллоҳни ўргатадилар.

Қуръони карим – Аллоҳ таолонинг инсониятни дунё ва охират саодатига элтувчи муқаддас каломидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръони каримни Аллоҳ таолодан қабул қилиб олиб, умматларига омонат ила етказганлар, уни ўзлари ҳаётга татбиқ этиб кўрсатганлар.

Пайғамбарларнинг меросхўрлари бўлган уламоларнинг вазифаси ушбу илоҳий омонатни – Қуръони каримни халққа етказиш бўлиб келган ва келмоқда. Қуръони каримни ўрганиш, ёд олиш ва ўргатиш Исломда ажри улуғ амал саналади. Шу боис қадим тарихимиз давомида Қуръони карим ўқилмаган, Мусҳафи шариф кирмаган хонадон бўлмаган.

Аллоҳга шукрки, яна хонадонларимизга, қалбларимизга, кўнгилларимизга Қуръони карим кириб боряпти.

Қуръони каримни ўрганиш ва ўргатишнинг савоби жуда улуғ. Каломуллоҳда мўминларни Аллоҳнинг оятларини тадаббур қилишга, ҳукмларнини теран англашга, тиловат қилинаётганда тинглаш ва жим туришга буюрилган.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Албатта, Аллоҳнинг китобини тиловат қиладиганлар, намозни тўкис адо этиб, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ қилганлар, ҳаргиз касодга учрамайдиган тижоратдан умидвор бўлурлар» (Фотир сураси, 29-оят).

Бошқа бир оятда эса: «Қуръон тиловат қилганда уни тингланглар ва жим туринглар, шояд раҳматга эришсангиз» (Аъроф сураси, 204-оят), деб марҳамат қилинган.

Ҳадиси шарифларда ҳам инсонларнинг энг яхшиси баён қилина туриб, бу борада ҳам Қуръони каримни ўрганган ва ўргатган кишилар башариятнинг энг хайрлиси экани эътироф этилади.

Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганганларингиз ва ўргатганларингиздир” (Имом Бухорий ривояти).

Қуръон кириб борган, ўқиладиган ҳар бир хонадонга Аллоҳ таолонинг файз-баракоти, нури ёғилиб туради. Қуръони бор хонадонда тарбияланган фарзандлар динига, эл-юртига, миллатига содиқ ватанпарвар, чинакам авлод сифатида камол топади. Зеро, башарият тамаддунига беназир ҳисса қўшган буюк мутафаккир алломаларимизнинг қай бири ҳаётига назар солсак, албатта, уларнинг барчаси ёшлигиданоқ Қуръони каримни ёд олганига гувоҳ бўламиз.

Бугун биз Янги Ўзбекистонда муҳтарам Юртбошимиз бошчилигида Учинчи ренессанснинг пойдеворини қўяётган эканмиз, албатта, бу жараёнда фарзандларимизнинг Қуръони каримни ўрганишини таъминлашимиз керак. Шунда яна Бухорийлар, Хоразмийлар, Берунийлар, Навоийлар туғилажак, иншоаллоҳ.

Аллоҳ таоло азиз диёримизни Қуръон нури билан мунаввар айласин, бу буюк хизматга бел боғлаб, хайрли ишларга бош-қош бўлаётган Президентимиз Шавкат Мирзиёевни Ўзининг ҳифзу ҳимоясида асраб, кўзлаган барча эзгу мақсадларига етказсин, ниятларини рўёбга чиқариб, ўйлаганларидан ҳам зиёда натижаларга эриштирсин.

Янги очилган Қуръони карим курслари фаолияти бардавом бўлсин. Бундай нур таратадиган масканлар сони кўпайсин. Бу масканларда таълим олган юртдошларимиз элимизга, Ватанимизга хизмат қилсин.

 

Жасурбек РАУПОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби

 

Read 1350 times
Tagged under

Янгиликлар

Top