Шу ҳафта давомида юртимизнинг бир гуруҳ таниқли ва воиз уламолари Тошкент вилоятидаги масжидларга ташриф буюриб, пешин ва хуфтон намозларини жамоат билан бирга адо этиб, мўмин-мусулмонларга маърифий суҳбатлар қилиб беришди.
Хусусан, бугун, 10 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов пешин намозига Қибрай туманидаги “Дареш бобо” жоме масжидига ташриф буюриб, мўмин-мусулмонларга муҳим мавзуда мавъиза қилиб, ҳадис ва уламоларнинг сўзлари асосида мазкур мавзуни кенг шарҳлаб берди.
Манфаатли маъруза давомида Иброҳимжон домла Иномов намозхонларга уламолар Тошкент вилояти масжидларида бўлиб илм-маърифат улашаётгани, соҳага оид янгилик ва ўзгаришлардан бохабар қилинаётгани ҳақида маълумот берди. Сўнгра Ҳақ таолодан юрт тинчлиги, халқ фаровонлигини сўраб хайрли дуолар қилинди.
Бундай суҳбатлар “Дўрмон” масжидида Абдуқаххор домла Юнусов, "Байтқўрғон” масжидида Исоқжон домла Бегматов, “Ўнқўрғон” масжидида Салохиддин домла Тошанов, “Машариб Ота” масжидида Закариё домла Ҳафизуллаев, “Ҳожи Туроб ўғли ҳожи Абдулла” масжидида Ибн Турсун Билол қорилар иштирокида бўлиб ўтди.
Халққа манзур бўлаётган бундай илмий суҳбатлар яна давом этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати