Ўзбекистон янгиликлари

САМАРҚАНД  САММИТИ  БАШАРИЯТ  ФАРОВОНЛИГИГА  ХИЗМАТ  ҚИЛАДИ

Муносабат

 

 Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Бутун дунё нигоҳида бўлган ШҲТнинг Самарқанд саммити “Йил воқеаси” сифатида юксак баҳоланмоқда. Аллоҳга шукрки, халқаро майдонда катта аҳамиятга эга бўлган муҳим воқелик – Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммитига ҳамиша навқирон замин муваффақиятли мезбонлик қилди.

Эътироф этиш жоизки, дунёдаги энг йирик минтақавий тузилманинг асосий анжумани – янги таклифлар муҳокамаси ва ташкилотнинг истиқболини белгилаб оладиган халқаро йиғин саналади. Ана шундай нуфузли саммитда Президентимиз Шавкат Мирзиёев дунёда ишонч ва ўзаро бир-бирини тушуниш тақчиллиги сезилаётган, қарама-қаршиликлар ва можаролар кузатилаётган бугунги шароитда барқарорлик ва хавфсизликка нисбатан таҳдидлар кучайганини алоҳида таъкидлади.

Буюк неъматни асраш даврнинг ўткир талаби

Тинчлик улуғ неъмат, инсон ҳаётининг бирламчи шарти. Чунки, яхши турмуш, фаровонлик, эзгу мақсадлар рўёби, энг аввало, шу неъматга боғлиқ. Шунинг учун ҳам қадимдан барча халқлар тинчликни асраш учун моли-ю жони билан курашиб келган.

Бироқ бугунги кунда экстремистик ва террорчилик ташкилотлари дин ниқоби остида ёшларни зўравонликка, маданий-маърифий ва оилавий қадриятларни йўқотишга ундаш йўли билан жамиятда радикал қарашларни тарқатаётгани ташвишланарли ҳолатдир.

Президентимиз бу масалага бугунги куннинг энг долзарб муаммоси сифатида қараб, шундай деди: “Радикализмнинг ўсиб бориши хавфли тенденцияга айланмоқда. Ёшларнинг экстремистик ташкилотларга жалб этилишига йўл қўймаслик, турли носоғлом мафкураларга қарши барқарор иммунитетни шакллантириш бўйича комплекс амалий чора-тадбирлар қабул қилиниши мақсадга мувофиқ, деб ўйлаймиз”.

Бу хавфнинг жиддийлигини ҳис этган Ўзбекистон халқаро минбарларда бундай хатарга қарши ўз ташаббусларини илгари сурмоқда.

Мамлакатимизда жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш устувор вазифалардан бирига айланган. Бу йўлда аҳолининг диний-маърифий саводхонлигини ошириш, экстремистик оқимлар сафига адашиб кириб қолган ва қилган ишидан чин дилдан пушаймон бўлганларга нисбатан кечиримлилик сиёсати юритилиб, ёш авлод турли бузғунчи оқимлар сафига кириб қолишининг олдини олиш бўйича мунтазам тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, диний ва дунёвий билимларни эгаллаган, фуқаролар орасида диний асосдаги экстремизм мафкурасига қарши иммунитетни шакллантира оладиган юқори малакали кадрларни тайёрлаш ва оммавий ахборот воситаларини бузғунчи ғояларга қарши кураш ишларига фаол жалб этишга катта эътибор қаратилмоқда.

Кўп йиллик тажрибалар шуни кўрсатмоқдаки, ёшлар етарли билим-тушунчага эга бўлмагани ва ўта таъсирчанлиги туфайли экстремизм ва терроризм мафкураси олдида энг заиф қатлам бўлиб қоляпти. Бугунги кунда ақидапараст оқимлар ёш авлодни ўз сафига жалб қилишда интернет тармоғидан кенг фойдаланмоқда, унинг ёрдамида вайронкор мафкура мунтазам сингдириб бориляпти. Айниқса, интернет орқали турли тилларда тарғибот олиб бориш ва виртуал жамоатлар тузиш, турли кўринишдаги асоссиз “фатво”лар бериб борилиши муаммони янада жиддийлаштирмоқда.

Ҳақиқатан, бугун мусулмон оламида мураккаб жараёнлар кечмоқда. Мутаассиблик ва мазҳабларни рад этиш каби иллатлар кузатилаётгани вазиятни янада хавотирли тус олдирмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва диний соҳа ходимлари томонидан жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, аҳоли орасида турли экстремистик оқим вакиллари томонидан бузғунчи ғоялар тарқатилишининг олдини олиш, фуқаролар, айниқса, ёшларда маънавий иммунитетни шакллантириш юзасидан жойларда диний-маърифий суҳбатлар, ОАВ, ижтимоий тармоқлар орқали доимий чиқишлар қилиш ҳамда ислом маърифатига оид нашр маҳсулотларини тарқатиш каби фаолиятлар амалга оширилмоқда.

Ислом дини фасод ва бузғунчиликни бутунлай қоралайди. Аллоҳ таоло Ер юзида бузғунчилик қилмасликни буюриб: “Аллоҳ эса, фасодни (бузғунчиликни) ёқтирмайди” (Бақара сураси, 205-оят), шу суранинг 60-оятида эса: “Аллоҳнинг ризқидан еб-ичингиз, Ер юзида бузғунчилик қилмангиз!”, деб огоҳлантирган. Пайғамбаримиз ҳадиси шарифларида: “Ҳақиқий мусулмон унинг қўлидан ва тилидан бошқа мусулмонга озор етмайдиган кишидир” (Имом Бухорий ривояти), дейилган. Демак, ислом дини экстремизм, терроризм ва радикализмни буткул қоралайди, мусулмонларни оқибати оғир бўлган бундай ҳаракатлардан огоҳ бўлишга чақиради.

Самарқанд саммитида муҳтарам Президентимиз илгари сурган халқчил ва чин инсоний мақсадлар ҳам тинчликни мустаҳкамлаш, кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, дунё давлатлари ўртасида бирдамликни кучайтиришга хизмат қилади, инша Аллоҳ.

Ҳаётий ўта муҳим масала

Аллоҳ таоло инсонни улуғлаб, унга ато этган неъмат – табиатни асраб-авайлаш, ундан меъёрида фойдаланишга буюрган. Ҳақ таоло: “Ерни яроқли қилиб қўйгандан кейин унда бузғунчилик қилмангиз!”, дея амр қилган (Аъроф сураси, 56-оят). Қуръони каримдаги 750 га яқин оят табиатдаги неъматлар ҳақида мулоҳаза юритишга ундайди.

Шу каби илоҳий таъкидлар ҳар бир инсонни неъматларга оқилона муносабатда бўлиш, атроф-муҳитни озода сақлашга чақиради. Афсуски, сўнгги йилларда дунё ҳамжамияти экологик муаммолар туфайли азият чекмоқда. Глобал иқлим ўзгаришлари, сув танқислиги, чанг бўронлари, озиқ-овқат етишмовчилиги кабилар башариятни танг аҳволга солиб қўймоқда.

ШҲТ саммитида Президентимиз шу каби долзарб масалаларга ҳам алоҳида тўхталиб, Иқлим ўзгариши, сув ва табиий ресурсларнинг етишмаслиги, пандемиянинг ижтимоий-иқтисодий оқибатлари, энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлиги инқирози каби замонамиз муаммолари барқарор ривожланиш учун жиддий хавф туғдирмоқда, дея таъкидлади.

Ҳақиқатан, иқлим ўзгариши ва озиқ-овқат танқислиги билан боғлиқ муаммолар кун тартибига чиқмоқда. Бунинг учун биз табиатга эътибор беришимиз, неъматларни тежаб ишлатишимиз керак. Фақат бугунни эмас, яқин ва узоқ келажакни ўйлаб иш тутишимиз зарур. Аллоҳ таоло бутун инсониятга ризқу рўзни ато этиб, исрофга йўл қўймасликка чақирди: “Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У исроф қилувчиларни севмас” (Аъроф сураси, 31-оят).

Набий алайҳиссалом: “Солиҳ ҳидоят, гўзал кўриниш ва тежамкор бўлиш набийликнинг етмишдан бир жузидир”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).

Улуғ алломалар асарларида ҳам атроф-муҳитга оид бир қатор масалалар баён этилган. Абу Али ибн Сино “Тиб қонунлари” асарида атроф-муҳитнинг инсон саломатлиги ва руҳиятига таъсирини очиб берган. Амир Темур бўз ерларни ўзлаштирган кишилар ёки боғ қилганларни рағбатлантирган. Алишер Навоий эса табиатга хиёнатни дўстга хиёнат қилишга қиёс қилган.

Таъкидлаш жоизки, сув инсон ҳаётини таъминлашда асосий манба. Дарё ва сойлар суви ҳам қишлоқ хўжалиги, ҳам энергетика, ҳам аҳоли турмуши учун ўта муҳим. Ҳозирги кунда ичимлик сув муаммоси бутун жаҳон миқёсида ташвиш бўлиб турибди. Дунё аҳолисининг олтидан бир қисми тоза ичимлик сувга муҳтож.

Шундай экан, бу қимматли неъматни асраб-авайлаш даркор. Сувни тежаш борасида ҳадиси шарифда гўзал намуна бор. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилаётган буюк саҳобалардан бири Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг сувни кўпроқ ишлатаётганини кўрдилар ва унга: “Ҳой Саъд, бу қандай исрофгарчилик?!” дедилар. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу: “Эй Аллоҳнинг Расули! Таҳоратда ҳам исроф бўладими?” деди. У Аллоҳнинг ибодати учун таҳорат қилаётганда сувни сал кўпроқ ишлатиш исроф саналмаса керак, деб ўйлаган экан. Шунда у зот алайҳиссалом: “Ҳа, ҳатто оқиб турган дарёнинг ёқасида бўлсанг ҳам”, дедилар”.

Аллоҳ таоло инсонларга ато этган неъматларини эслатар экан, сувни ҳам зикр қилади: “Сизлар ўзларингиз ичаётган сувни (ўйлаб) кўрдингизми? Уни булутлардан сизлар ёғдирдингизми ёки Биз ёғдирувчимизми? Агар Биз хоҳласак, уни шўр ва аччиқ қилиб қўйган бўлар эдик. Бас, (шу обиҳаёт учун ҳам) шукр қилмайсизми?” (Воқеа сураси, 68-70-оят).

Дарҳақиқат, исрофнинг гуноҳи ва унинг сўрови оғир, сувни исроф қилишнинг гуноҳи эса исрофлар ичида энг оғиридир. Чунки бу неъмат исрофи оқибатидан жуда катта зарарлар келиб чиқиши мумкин.

Демак, бир томчи сувни ҳам исроф қилмаслик, электр қувватини тежаш, уни бир лаҳза ҳам беҳуда сарфламаслик жамиятда яшовчи ҳар бир фуқаронинг бурчи. Кийим кийишда, юриш-туришда, умуман, ҳар бир соҳада тежамкор бўлиш лозим. Ана шунда тежамкорлигимиз ўзимизга, оилавий иқтисодимизга, жамиятимизга, бутун эл-юртимизга фойда келтиради, хавф солаётган таҳдидлар ортга чекинади.

Самарқанд декларацияси – муҳим тарихий ҳужжат

Саммитда ШҲТ фаолиятининг муҳим соҳаларидаги ҳамкорлик ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг Самарқанд декларацияси тадбирнинг бош якуний ҳужжати бўлди.

Жами 44 та ҳужжат – баёнотлар, битимлар, дастурлар ва бошқа ҳужжатлар қабул қилинди. Жумладан, аъзо давлатларнинг яхши қўшничилиги, дўстлиги ва ҳамкорлиги тўғрисидаги шартнома, “ШҲТнинг эзгу ният элчиси” фахрий унвони тўғрисидаги низом ва туризм соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида келишувлар ўрин олган. Шунингдек, ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг иқлим ўзгаришига нисбатан жавоб ҳаракатлари, глобал озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, энергетик хавфсизликни таъминлаш тўғрисидаги баёнотлари ҳам қабул қилинди.

ШҲТнинг 20 йилдан зиёд фаолияти давомида шунча миқдорда муҳим ва инсон ҳаёти учун зарур ҳужжатлар расмийлаштирилиши энг юқори кўрсаткич бўлиб, тарихий воқеага айланди.

Сўзим якунида яна бир жиҳатни айтмоқчиманки, мазкур саммитга келган бир қатор давлат раҳбарлари Самарқанд заминидаги “Боқий шаҳар”, Имом Бухорий ва Ҳазрати Хизр мажмуаларини зиёрат қилиши, Қуръони карим оятлари тиловат қилиниб, эзгу дуолар ўқилиши ушбу йиғин ишига қут-барака берди ҳамда қабул қилинган ҳужжатларда ҳаётийлик акс эттирди.

Аллоҳ таоло бутун Ер юзининг диққат марказидан ўрин олган Самарқанд саммити юртлар тинчлиги, инсоният фаровонлиги ва мамлакатлар тараққиётига хизмат қилишини насиб этсин.

Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРОВ,

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси фахрий доктори.

 

Read 1631 times
Tagged under

Янгиликлар

Top