Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазрат раислигида танқидий йиғилиш ўтказилиб, 4 нафар туман бош имоми ишдан олинди, 1 нафарига интизомий чора кўрилди

Бугун, 21 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари раислигида республикадаги туман-шаҳар бош имом-хатибларининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Жуда кескин ва танқидий-таҳлилий руҳда ўтган йиғилишда жорий йилнинг ўтган даврида масжидлар имом-хатиблари, имом-ноиблари ва отинойилар томонидан амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.

Натижада, ўз вазифасига виждонан ёндошмаган, мўмин-мусулмонлар эҳтиёжларини қондиришда жиддий саъй-ҳаракат қилмаган ва имомлик мақомига муносиб бўлмаган 4 нафар туман бош имоми ишдан олинди ва 1 нафарига “ҳайфсан” интизомий жазоси берилди. Жумладан:

- Сурхондарё вилояти Термиз тумани бош имоми Очилов Яҳё;

- Сурхондарё вилояти Олтинсой тумани бош имоми Маматқулов Мамаюсуф;

- Андижон вилояти Шаҳрихон тумани бош имоми Турғунов Иззатуллоҳ;

- Тошкент шаҳар Сергели тумани бош имоми Ахбутаев Эшмурод эгаллаб турган ушбу лавозимларидан озод этилди.

Шунингдек, Фарғона вилояти Сўх тумани бош имоми Камолов Воҳиджонга интизомий чора кўрилди.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда шу йилнинг 8 ойи давомида иш фаолиятдаги хато-камчиликларга йўл қўйгани сабабли 15 нафар имом-хатиб, 6 нафар имом-ноиби ва 2 нафар вилоят муҳтасиб вазифасидан озод этилгани, шунингдек, 19 нафар имом-хатиб ва имом ноибига “ҳайфсан” интизомий чораси берилгани алоиҳда таъкидланди.

Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари томонларидан йиғилишда имом-хатиблар иш фаолиятини такомиллаштириш, дин ғами билан яшаш, мўмин-мусулмонлар дарду эҳтиёжларини қондириш,  билим савияларини доимий ошириш ва ҳар жабҳада пешволик мақомига чин ихлос ила муносиб бўлиш юзасидан Ислом дини манбаларида келтирилган тавсияларни баён этдилар. Шунингдек, ташаббускор, ғайратли, фаол ва жонкуяр имом-хатибларни рағбатлантириш режалари ва имтиёзлар бериш ҳақида маълум қилдилар.

Муҳокама қилинган масалалар юзасидан сўзга чиққанлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Йиғилиш якунида тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

 

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2187 times
Tagged under

Янгиликлар

Top