Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Малака ошириш марказида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, вилоят, туман/шаҳар Бош имом-хатиблари учун «Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси доирасида дин соҳа ходимларининг олдида турган вазифалар» йўналишида 36 соатлик малака ошириш ўқувларининг иккинчи давраси бошланди. Унда 108 нафар тингловчилар иштирок этмоқда. Бу ҳақда Академия матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ушбу ўқувларнинг иккинчи куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафаев «Мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш», Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Одилжон Иминов «Адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш» ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари, тарих фанлари доктори, доцент Давронбек Махсудов томонидан «Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга оширишда диний-маърифий соҳа ходимлари масъулияти» мавзуларида дарс машғулотлари олиб борилди.
Дарсдан кейин соат 17:00 да тингловчилар Янги Ўзбекистон боғига ташриф буюришди. У ердаги бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиб чиқдилар. Жумладан, тингловчилар миллий давлатчилигимизнинг рамзи бўлган Соҳибқирон Амир Темур салтанатининг мовий гумбази, юлдузлар оламига қараб юксалган Мирзо Улуғбек расадхонаси, дунё илм-фани ва цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган улуғ мутафаккир боболаримизнинг энг нодир илмий кашфиётлари тасвирланган Мустақиллик монументини зиёрат қилдилар. Мазкур ёдгорлик юртимизда янги Ўзбекистонни – учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш ғояси билан уйғун ҳолда барпо қилинган.
Малака ошириш ўқувлари давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати