Ўзбекистон янгиликлари

Ҳаж ва умра вазири Ўзбекистонга ташриф буюрди

Бугун, 27 сентябрь куни Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа бошчилигидаги делегация мамлакатимизга ташриф буюрди. Мартабали меҳмонларни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев ва бир гуруҳ мутасаддилар кутиб олди. Мартабали меҳмон билан халқаро аэропортнинг кутиш залида қисқа муддатли суҳбат бўлиб ўтди.

Мазкур ташрифдан асосий мақсад – Ўзбекистон ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларини такомиллаштириш, айниқса, диний-маърифий, илмий-тадқиқот, туризм, транспорт соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган. Шунингдек, ҳаж ва умра сафарига борувчи зиёратчиларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, мамлакатдаги илмий марказлар билан яқин ҳамкорликни ўрнатиш каби муҳим масалаларни ҳам кўриб чиқиш кўзда тутилган.

Саудия Арабистони делегацияси вакиллари мамлакатимизга ташрифи давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Дин ишлари бўйича қўмита, манфаатдор вазирлик ва идоралар раҳбарлари билан музокаралар ўтказиш назарда тутилган.
Дарҳақиқат, шу йил 17-18 август кунлари Президентимиз Шавкат Мирзиёев жаноблари Икки муқаддас масжид ходими – Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауднинг таклифига биноан ушбу мамлакатга давлат ташрифлари ўзаро муносабатларни янги даражага олиб чиқди. Ҳаж ва умра вазири Тавфиқ ар-Рабиа ҳазратлари бошчилигидаги делегациянинг юртимизга ташрифи ҳам ана шу хайрли ташрифнинг самарасидир.

Сафар тафсилотини сайт ва ижтимоий тармоқларимизда кузатиб боринг.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1745 times

Янгиликлар

Top