Шу кунларда “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари таҳририяти сўнгги йилларда “Халқ сўзи” саҳифаларида ўз соҳаларининг энг етук фозиллари муаллифлигида чоп этилган долзарб мавзулардаги мақолаларни жамлаб, азиз муштарийларга тўплам ҳолида тортиқ этди.
“Халқнинг юрагига йўл” деб номланган ушбу тўпламда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг тафсилотлари қиёсий ёритилган. Унда яқин йилларда эътибор қаратиш керак бўлган долзарб мақсад, вазифалар ҳамда стратегияларга бағишланган таҳлилий мақолалар ўрин олган. Бугунги дунёдаги таҳликали жараёнда эзгулик ва тинчликка даъват руҳидан янада сергак тортасиз.
Тўртта йирик бобдан иборат ушбу китоб орқали маърифий аҳамиятга эга адабий суҳбатлар ҳам жой олганки, улардан баҳраманд бўлиб, руҳий озиқ оласиз.
Жумладан, унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари, Диний идора раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов, Россия марказий диний идораси раиси, муфтий Шайх Талъат Тожиддин жаноблари, Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, олий муфтий Науризбай Утпенов ҳазратлари ва марҳум шайх Усмонхон Алимов Темирхон ўғлининг мақолалари ҳамда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммат Юсуф ҳазратлари ҳаёти ва фаолиятига бағишланган материаллар ўрин олганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Мазкур тўплам педагоглар, тадқиқотчилар, маънавият ва маърифат тарғиботчилари, раҳбар ходимлар ҳамда кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати