Ўзбекистон янгиликлари

Ислом тараққиёт банки вакиллари билан мулоқот ўтказилди

Шу йил 18 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасига Ислом тараққиёт банки мутахассислари Ҳолид Жавоҳир ва Муҳаммад Аҳмад Салим ташриф буюрди.
Меҳмонларни Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов кутиб олди.

Учрашув аввалида Давронбек Махсудов меҳмонларни ташриф билан қутлаб, уларга мамлакатимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган хайрли ишлар, Диний қўмита фаолияти ҳақида сўзлаб берди.

Сўнгра Иброҳимжон домла меҳмонларни ташриф учун миннатдорчилик билдириб, ҳозирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров Мисрдаги нуфузли халқаро анжуманда эканликларини айтиб, салом ва дуоларини етказди. Шундан сўнг Диний идора мақсад ва вазифалари, фаолияти, бўлимлари ҳақида сўзлаб берди.

Шундан сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идорасига Ислом тараққиёт банки мутахассислари Ҳолид Жавоҳир ва Муҳаммад Аҳмад Салимлар Ўзбекистонга катта делегация бўлиб ташриф буюришгани, мамлакатимиз билан кўп йиллардан буён ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйилгани, мазкур ташриф мақсад ҳамкорлик алоқаларини янада жадаллаштириш, “Вақф” хайрия жамоат фонди билан яқин ҳамкорлик қилиб, биргаликда катта лойиҳаларни амалга ошириш эканини таъкидлашди.

Учрашув давомида “Вақф” хайрия жамоат фонди вазифасини бажарувчи Музаффар Саломов Фонд фаолияти, бўлимлари, амалга оширилаётган хайрия ишлари, халқаро ташкилотлар билан яхшилик йўлидаги ҳамкорлик алоқалари ҳақида маълумот беришди.

Самимий мулоқот давомида ўзаро ҳамкорлик масалалари, яқин келажакда амалга ошириладиган истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди. Ана шундай учрашувларни тез-тез ўтказиб туришга келишиб олинди.

Маълумот учун, Ислом тараққиёт банки (ИТБ) 1973 йил 18 декабрда Ислом Конференсияси Ташкилотига (ИҲТ) аъзо давлатлар молия вазирлари йиғилишида ташкил этилган ва 1975-йил октабрь ойида ўз фаолиятини бошлаган.

ИТБ штаб-квартираси Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Жидда шаҳрида жойлашган. Банкнинг Работ (Марокаш), Куала-Лумпур (Малайзия), Олма-ота (Қозоғистон) ва Дакар (Сенегал) шаҳарларида 11 та ваколатхонаси ва 4 та ҳудудий бўлимлари мавжуд.

Тараққиёт ва ижтимоий соҳани ривожлантиришга қаратилган умумий мақсадларга мувофиқ, Банк аъзо мамлакатларнинг давлат, ҳам хусусий секторларида самарали лойиҳаларни молиялаштиради. У иқтисодий соҳага сармоя киритади ва ижтимоий инфратузилма лойиҳалари, аъзо мамлакатларга техник ёрдам кўрсатади ва халқаро савдони ривожлантиради.

ИТБ аъзо мамлакатлардаги ривожланиш лойиҳаларини ислом тамойилларига мувофиқ, лизинг, бўлиб-бўлиб сотиш, истисно, акциядорлик иштироки, молиялаштириш тармоқлари каби бир неча усуллари орқали молиялаштиради.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 921 times

Янгиликлар

Top