Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон тажрибаси эътироф этилди

Марказий Осиё – Ислом санъати ўчоғи” номли Халқаро форуми доирасида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида ташкил этилган “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш тизимини такомиллаштириш масалалари” мавзусидаги Халқаро конференциянинг I шўъба йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда маҳаллий ва хорижий ташкилотлар, университетлар, кутубхоналар, илмий-тадқиқот марказлари илмий ходимлари иштирок этди.

Қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш тизимини такомиллаштиришда Ўзбекистон ва хориж тажрибаси” номли мазкур шўъба йиғилишида маҳаллий ҳамда Туркия, Қозоғистон ва Тожикистон давлатларидан 20 нафардан ортиқ олим ва мутахассис маъруза қилди.

Қўлёзма китоб ва тарихий ҳужжатларни сақлашда муаммо ҳамда ечимлар, халқаро илмий-тадқиқот марказларнинг қўлёзмалар фондлари фаолияти, шахсий коллекциялардаги тарихий манбаларнинг онлайн базасини яратиш, нодир ёзма манбаларни рақамлаштириш, уларнинг давлат реестрини юритиш, шунингдек, нодир нашрларни паспортлаштиришда зарарланишларни ўз вақтида аниқлаш каби масалалар мулоҳаза ва мунозаралар мавзуси бўлди.

Иштирокчилар томонидан кўтарилган мавзулар юзасидан ўзбекистонлик олимлар томонидан тўпланган ижобий тажриба эътироф этилиб, нодир ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш борасида олиб борилаётган ишларни кенг жамоатчилик орасида тарғиб этиш зарурати алоҳида таъкидланди.

      

Анжуман давомида Туркиядаги Коч университети кутубхонаси директори Тубо Акбайтюрк Чанак хоним мазкур университет кутубхонаси қўлёзмаларининг 2 томлик каталогини, Турон фанлар академияси президенти ва академиги, Германиянинг Лейбниц номидаги Европа табиий фанлар академияси ҳақиқий аъзоси, Тожикистондаги “Нури Хўжанд” номли Марказий Осиё халқ академияси академиги, тарих фанлари доктори, профессор Ҳайдарбек Бобобеков ўз муаллифлигида нашр этилган адабиётлар тўпламини, Тожикистон педагогика институтининг илм ва инновациялар бўйича проректори, тарих фанлари доктори, профессор Шодмон Воҳидов Рўдакий девонининг ўзбекча таржимаси, Абулғозий Баҳодирхоннинг “Шажараи турк” асари ва кўплаб эсдалик совғаларини, Қозоғистон Қўлёзмалар ва нодир китоблар миллий маркази номидан Омир Тўяқбаев Қозоғистондаги қўлёзмалар каталогини, “Махдуми Аъзам Даҳбедий” фонди раҳбари Комилхон Каттаев илмий адабиётлар тўпламини Марказга совға қилди.

Марказ директори Шовосил Зиёдов шўъба йиғилиши модератори ИРСИКА Бош директори маслаҳатчиси, тарих фанлари доктори, профессор Аширбек Мўминовга Марказ эсдалик совғасини  топширди.

Шўъба йиғилиши Марказнинг You tube видеохостингидаги саҳифаси ҳамда ZOOM видеоконференция платформаси орқали тўғридан тўғри намойиш этилди.

Халқаро конференциянинг II шўъба йиғилиши эртага, 3 ноябрда ўтказилиши режалаштирилган.

Имом Бухорий халқаро илмийтадқиқот маркази
Матбуот хизмати
Read 1358 times

Янгиликлар

Top