Ўзбекистон янгиликлари

Париждаги Лувр музейида бўлиб ўтадиган «Ўзбекистон воҳаларининг улуғворлиги» номли кўргазма Франция ОАВ диққат марказида

Франциянинг «Sortir à Paris» нашрида «Ўзбекистон воҳаларининг улуғворлиги: бизни ғаройиб саёҳатга олиб борадиган Лувр музейидаги кўргазма» сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Нашр жорий йил 23 ноябрдан 2023 йил 6 мартгача Лувр ўз меҳмонларига Ўзбекистон воҳалари улуғворлигини кашф қилиш учун ажойиб экспозицияни тақдим этишини маълум қилган.
«Лувр музейига келиб, Марказий Осиёнинг юрагига саёҳат қилинг, - деб ёзади «Sortir à Paris». – 2022 йил 23 ноябрдан 2023 йил 6 мартгача Лувр бизни Ўзбекистон воҳаларининг улуғворлиги, Эрондан Хитойгача бўлган буюк цивилизациялар маданияти ва санъатига бағишланган ажойиб кўргазмага таклиф қилади. Париж музейи залларида 180 га яқин асар намойиш этилади. Уларни яқинда қайта таъмирланган ва фақат Ўзбекистон, Европа ҳамда Америкадаги баъзи муассасаларда тақдим этилган ишлар ташкил қилади. Кўргазма бизни сўнгги 16 аср давомида яратилган санъат асарлари билан танишишга чорлайди».


Мақолада кўп сонли ҳайкаллар, заргарлик буюмлари, кулолчилик маҳсулотлари, қадимий санъат асарлари, кийим-кечаклар ва бошқа асори-атиқалар Ипак йўлидан Уйғониш давригача, жумладан, ислом динининг 7-асрда Марказий Осиёга кириб келиши билан боғлиқ тарих ҳақида ҳикоя қилади, деб таъкидланган. Кўргазма мундарижаси минтақанинг узоқ мозийга бориб тақаладиган маънавий бойлиги намуналари билан яқиндан танишиш имкониятини тақдим қилади.
“Савдо-сотиқ, маданиятлар ва динларнинг тарқалиши Ўзбекистон воҳаларидан ўтган турли цивилизацияларга ранг-баранг бўлиш, маърифий озуқаланиш ва бойишга имкон берди, - дейилади нашрда. - Бу йўллар бўйлаб турли халқлар ва мамлакатлар бир-бирига таъсир ўтказган ҳамда ушбу ажойиб ўзаро таъсир ўтказиш намунасини Луврда намойиш этиладиган бебаҳо меросда кўриш мумкин бўлади. Кўргазманинг ҳар бир бўлими ноёб артефактларни тақдим қилади. Уларнинг бир қисми Ўзбекистондан ташқарида биринчи марта намойиш этилмоқда. Шундай қилиб, биз Амир Темур мақбараси эшиги, Франция Миллий кутубхонасининг Мўжизалар китоби, Варахшодаги подшоҳлар қароргоҳлари деворий суратлари ва бошқа асарлар сизда ҳайрат уйғотиши аниқ”.


Мақола муаллифи ўқувчиларни бундай ноёб имкониятни қўлдан бой бермаслик ва, албатта, кўргазма билан танишишга чақирган. «Мазкур саёҳатни давом эттириш учун Париж Араб дунёси институтида бўлиб ўтадиган «Самарқандга йўл. Ипак ва олтин мўъжизалари» кўргазмасига ҳам келинг», деб ёзади «Sortir à Paris».

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1285 times

Янгиликлар

Top