Ўзбекистон янгиликлари

Туркия Президенти: Имом Бухорий номидаги мукофотни олишдан улкан шараф ва ғурур туяман

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған «Олий даражали Имом Бухорий» ордени билан мукофотланди.

Туркий давлатларнинг Самарқанд саммити доирасида мазкур мукофотни топшириш маросими бўлди.

Аввало, шуни айтиш жоизки, икки раҳбарнинг ҳам Имом Бухорий ҳазратларига ҳурмати жуда юқори. Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан аллома мақбараси ёнида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис мактаби ташкил этилган. Давлатимиз раҳбари бу ҳақда 2017 йили Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси сессиясида айтганида, Туркия Президенти «бу юксак минбардан Имом Бухорий ҳазратларининг мўътабар номи биринчи марта янгради» дея мамнун бўлган эди.

Бу йил Президентимиз таклифига кўра, Ўзбекистоннинг «Олий даражали Имом Бухорий» ордени таъсис этилди. Бу мукофот билан илм-маърифатни ривожлантириш, ислом олами мутафаккирлари меросини ўрганиш ва кенг тарғиб қилишдаги алоҳида хизматлари учун олимлар, тадқиқотчилар, адиблар, шунингдек, хорижий давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарлари тақдирланади.

– Ушбу олий орден Сизнинг ислом маърифатини кенг ёйиш, дунë миқёсида мусулмонларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, умматимизнинг бирдамлиги ва фаровонлигини таъминлаш, диний бағрикенгликни қарор топтириш, ёшларни эзгулик руҳида тарбиялаш йўлидаги улкан ишларингизнинг муносиб эътирофидир, – деди Шавкат Мирзиёев маросимда.

Режеп Таййип Эрдоғанга мукофотни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев топширди.

Туркия Президенти буюк муҳаддис номидаги орденни олишдан бениҳоят мамнун эканини таъкидлади.

– Ҳадис ва фиқҳ илмининг чўққиси бўлган Имом Бухорий номидаги бу қимматли мукофотни олишдан улкан шараф ва ғурур туяман. Шавкат Мирзиёевни илк таниган пайтларимдан буён Имом Бухорий меросидан намуналар келтириб сўзлагани учун менда қардошимга фарқли бир ҳурмат-муҳаббат пайдо бўлган. Унинг саъй-ҳаракатлари билан Самарқандда илм даргоҳлари қурилди, Туркия ва Ўзбекистон олимлари яқиндан ҳамкорлик қилмоқда. Бу орденни халқларимиз ўртасидаги азалий ва абадий қардошликнинг, ҳамма соҳада ривожланиб бораётган муносабатларимизнинг кучли рамзи сифатида қабул қиламан. Ўз номимдан ва миллатим номидан бу юксак эътибор Ўзбекистон Президенти ва халқига чин қалбимдан миннатдорлик билдираман, – деди Режеп Таййип Эрдоған.

Read 1270 times

Янгиликлар

Top