Ўзбекистон янгиликлари

Жамиятда тотувлик ва барқарорликни таъминлашда, шунингдек ёшлар ўртасида таълим ва диний маърифатни тарғиб қилиш мақсадида жорий йилнинг 9 ноябр куни Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Халқ дипломатияси маркази, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси, Ислом цивилизацияси маркази ва Конрад Aденауер жамғармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси билан ҳамкорликда “Динлар ва маданиятларнинг ўзаро ҳамжиҳатлигида ҳамда тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлашда таълим ва диний маърифатнинг ўрни” мавзусида халқаро конференция ташкил этилди. Бу ҳақда Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази матбуот хизмати маълум қилган.


Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, мамлакатимиздаги дипломатик корпуслар, эксперт олимлар, халқаро ташкилотлар вакиллари, диний конфессиялар, миллий маданий марказлар раҳбарлари ва журналистлар ҳамда Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов қатнашди.
Анжуманда дунёда ишонч ва ўзаро бир-бирини тушуниш тақчиллиги сезилаётган, қарама-қаршиликлар ва можаролар кузатилаётган бугунги шароитда ўзаро ишонч, адолат ва ҳамжиҳатликка талаб глобал миқёсда тобора ортиб бораётган бир пайтда бундай мулоқот тадбирларини ташкил этиш аҳамиятли экани қайд этилди.


Тадбир сўз олган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов кейинги йилларда юртимизда бағрикенглик ва тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлаш, диний-маърифий таълимни юксалтириш борасида ўлкан ишлари қилинаётганини таъкидлаб, бу борада идора тизимида амалга оширилган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди.


Шунингдек, анжуманда Ўзбекистоннинг ташқи дунё билан кўп томонлама дипломатиясида цивилизациялараро мулоқотни ривожлантириш, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш, умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда ёшлар онгига ушбу эзгу ғояларни сингдириш масалалари муҳокама қилинди.

 

Ўзбекистонда мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1404 times

Янгиликлар

Top