Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазрат китоблари диний таълим муассасаларида тақдимот қилинди

Жорий йилнинг 17 ноябр куни Тошкент ислом институтида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаровнинг “Исломда Ватан тушунчаси”, “Тасаддуқ ё Расулуллоҳ”, “Ҳаж буюк ибодатдур”, “Ихлос амаллар зийнати”, “Умра буюк ибодатдир” китобларининг “Zоом” платформаси орқали тақдимот маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул раҳбарлари, бир қатор ислом билим юртларининг ўқитувчи ва талабалари иштирок этди.
Тадбирни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом иниститути ректори Уйғун Ғофуров очди ва олиб борди.
Тадбир Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди.
Тақдимотда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом иниститути сийрат фани ўқитувчиси A. Зиёвиддинов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво бўлими директор ўринбосари Ғуломиддин Холбоев, Хоразм вилояти “Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом билим юрти мудири Д. Aбдуқодиров. Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом иниститути фиқх фани ўқитувчиси Я. Раззақовлар сўз олиб, “Тасаддуқ, ё Расулуллоҳ!” китоби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийратларини юртдошларимизга равон, содда ва таъсирчан тарзда етказишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидладилар. Шунингдек, мазкур нашрда Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётидаги энг муҳим лавҳалар қамраб олингани қайд этилди.
Тақдимот давомида муфтий Нуриддин домла Холиқназаровнинг “Исломда Ватан тушунчаси”, “Ҳаж буюк ибодатдур”, “Ихлос амаллар зийнати”, “Умра буюк ибодатдир” китобларлари хам тақдимоти бўлиб ўтди.
Сўзга чиққан нотиқлар юқорида тақдимот қилинган китоблар тўғрисида ўз фикр мулоҳазаларини билдириб ўтдилар.
Тақдимот давомида иштирокчилар асар юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан мазмунли жавоблар олдилар. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1706 times

Янгиликлар

Top