Ўзбекистон янгиликлари

“Маскат – Наманган – Маскат” авиақатнови йўлга қўйилди

Фарғона водийсининг асосий ҳаво дарвозаси саналган – Наманган халқаро аэропорти томонидан юртдошларимизга сифатли хизмат кўрсатиш, хорижий мамлакатларга, айниқса, туризм ва зиёрат учун қулай бўлган давлатларга янги авиарейсларни йўлга қўйиш борасида изчил саъй-ҳаракатлар қилинмоқда.
Давлатимиз байроғи қабул қилинганлигининг 31 йиллиги муносабати билан пойхатимиздан кейин Республика вилоятлари ичида Наманган шаҳрида илк бор Уммон давлати пойтахти Маскат шаҳрига тўғридан-тўғри авиақатновлар амалга оширилди.
ЎзА Хабарига кўра, "Salam Air" авиакомпаниясига қарашли “А-320” русумли ҳаво кемасида юртимизга келиб қўнган хорижий меҳмонлар миллий меҳмондўстлик қадриятларимизга асосан тантанали кутиб олинди. Авиакомпания самолёти юртимиздан илк рейсда 184 нафар йўловчини Уммонга олиб кетди.
Бундан аввал Наманган халқаро аэропортига икки араб диёри – Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай ҳамда Кувайт давлатининг Ал-Кувайт шаҳрига мунтазам қатновлар йўлга қўйилган эди. Аэропорт раҳбариятининг ЎзА мухбирига маълум қилишича, араб давлатларига авиайўналишларни кўпайиши Фарғона водийси вилоятларидан Ҳаж, Умра зиёрати, туризм ва тадбиркорлик юзасидан сафар қилувчилар сони ортиб бораётгани билан боғлиқдир.
– Юртимиизда инсон қадри юксак улуғланаётганининг амалдаги ифодасини йўловчиларга кўрсатилаётган транспорт хизматининг кўлами ва сифати ошиб бораётганлигида яққол кўриш мумкин, – дейди Наманган шаҳридаги “Ravza travel” туристик фирмаси раҳбари Адҳамжон Аҳадов. – Бугун араб мамлакатларидаги муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш истагини билдирган қирқдан ортиқ юртдошларимиз ҳаво кемасига йўлга отланди. Бундай имкониятларни очиғи, олти йил олдин тасаввуримизга ҳам сиғдирмаганмиз. Кўрсатилаётган ушбу ғамхўрликлар фуқароларнинг виждон ва эътиқод эркинлигини тўлақонли таъминланишида ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Эслатиб ўтамиз, Наманган халқаро аэропортидан учаётган 17-хорижий рейс ҳисобланган Маскат-Наманган-Маскат йўналишидаги авиақатновлар ҳафтанинг ҳар жума куни амалга оширилиши режалаштирилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1567 times

Янгиликлар

Top