Ўзбекистон янгиликлари

Танловларда фаол иштирок этган талабалар тақдирланди

 

Аввал хабар берганимиздек, “Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муасссасасида ўтган ҳафта давомида талабалар ўртасида иккита танлов ўтказилган эди.

“16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни” муносабати билан “Бағрикенглик менинг тасаввуримда” мавзусида иншолар танлови;

Иншолар танловида иштирок этган талабалар бағрикенгликни юрт тинчлигига асос бўлувчи омил ҳамда миллатлараро тотувлик рамзи сифатида, ислом – тинчлик дини, ундаги ғоялар бағрикенгликка тарғиб қилишини таърифлаган. Шунингдек, иншоларда кўп миллат ва элатлар, турли дин вакиллари яшайдиган юртимизда динлараро бағрикенглик жуда муҳимлиги таъкидланган. Инсоннинг ирқи, жинси, келиб чиқиши, тили, динидан қатъи назар, бағрикенгликни тарғиб этиш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларга ҳурмат билан қараш каби мажбуриятлари борлиги баён этилди.

Фаол иштирок этган талабалар: 3-курс талабаси Норбоев Дилшод, 2-курс талабаси Юсуфалиев Зиёвуддин, 3-курс талабаси Абдужалилий Комилжонларнинг ёзган иншолари ғолиб деб топилди ҳамда тақдирланди.


Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан“Муқаддасдир Ватан байроғи!” шиори остида талабалар ўртасида ижодий танлов ўтказилди. Танловда фаол иштирок этган талабаларнинг ижодий ишлари таълим муассасасининг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида эълон қилинди. Жумладан: энг фаол деб топилган таълим муассасаси 2-курс талабаси Муҳаммаддиёр Муҳаммадовнинг видеоролиги, 2-курс талабаси Билолхўжа Ҳикматжоновнинг видеоролиги, 2-курс талабаси Акбаршоҳ Иноятовнинг “Миллат ва мамлакат рамзи” мавзусидаги мақоласи ғолиб деб топилди ҳамда таълим муассасасининг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида эълон қилинди.

Мазкур танловларда фаол иштирок этиб ғолиб бўлган талабалар таълим муассасасининг дипломлари ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.


А.Ғаниев
Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи

Read 1659 times

Янгиликлар

Top