Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбек олимининг китоби Байрутда чоп этилди

Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази тадқиқотчиси, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Абдумалик Тўйчибоев XII асрда Самарқанд муҳитида яшаб ижод қилган улуғ аждодларимиздан бири, асли Кеш (Шаҳрисабз) шаҳридан бўлган Aҳмад ибн Мусо ал-Кешший қаламига мансуб “Мажмуъ ал-ҳаводис ва ан-навозил ва ал-воқеъот” (“Ҳодисалар, ҳукмлар ва воқеалар мажмуаси”) номли тарихий-ҳуқуқий асарни ўрганиб, унинг танқидий нашрини тайёрлади.

ЎзА хабарига кўра, ушбу китоб ислом дунёсининг нашр маркази сифатида машҳур бўлган Ливаннинг Байрут шаҳрида чоп этилди. Мазкур китоб “Мажмуъ ал-ҳаводис ва ан-навозил ва ал-воқеъот”нинг мамлакатимиз ҳамда Туркия қўлёзма фондларида сақланаётган 9 та нодир нусха асосида тайёрланган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ўз даврида ислом оламининг машҳур алломаси ҳисобланган Абу Ҳафс ан-Насафийнинг илмий мактабида етишган ал-Кешший ўз устози воситасида эришган манбаларни бир китобда жамлаган. Натижада, IX-XI асрларда Мовароуннаҳр ва Хуросонда кенг тарқалган 15 нодир асарнинг парчалари “Мажмуъ ал-ҳаводис ва ан-навозил ва ал-воқеъот”дан жой олади. Ал-Кешший аксар манбаларни шакл ва мазмунини ўзгартирмаган ҳолда келажак авлодларга етказишни мақсад қилган кўринади. Унинг мазкур мажмуаси воситасида бугунги кунга етиб келмаган “Фатово Aби Aбдиллоҳ ибн Aби Ҳафс ал-Кабир ал-Бухорий”, “Мухтасар ал-Мунтақо”, "Фатово Aби Бакр Муҳаммад ибн ал-Фазл ал-Бухорий”, “Мухтасар Фавойид ар-Рустуфағний”, “Фатово Ибн ал-Валид ас-Самарқандий”, “Фатово Ато ибн Ҳамза ас-Сўғдий”, “Ғариб ар-ривоя”, “Фатово Нажмиддин ан-Насафий” каби нодир асарларнинг айрим парчалари билан яқиндан танишиш имконияти мавжуд.
Китоб Мовароуннаҳрда етишган олимлар ҳақида аввал фанга маълум бўлмаган янги маълумотларни ўз ичига олгани билан ҳам эътиборга молик. Хусусан, Муҳаммад ибн Яҳё ал-Башоғарий, Aбу Наср ад-Дабусий, Aбу Шужо ал-Aлавий ва Aто ибн Ҳамза ас-Сўғдий каби фақиҳлар ҳақидаги янгиликларни қайд этиш мумкин. Қўшимча равишда асарда Абу Мансур Мотуридий, Aли ибн Саид ар-Рустуфағний, Aбу Aли ан-Насафий, Шамсулаимма ал-Ҳалвоний, Рукниддин Aли ас-Сўғдий, Aбу Бакр ас-Сарахсий, Aбулюср ал-Паздавий ва Абу Ҳафс ан-Насафий каби буюк аждодларимизнинг ҳаётига доир қимматли маълумотлар ҳам жой олган.
Китоб ислом ҳуқуқшунослиги – фиқҳга доир бўлса-да, унда калом, ҳадис ва ҳикамийя каби илмларнинг масалалари ҳам учрайди. Асар ўз даврига оид баъзи тарихий воқеаларни баён қилиши билан аҳамиятлидир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1637 times

Янгиликлар

Top