Ўзбекистон янгиликлари

Вилоят вакиллиги самарқандлик талабалар билан учрашувлар ўтказди

Бугунги кунда мамлакатимизда диний таълимга алоҳида эътибор қаратилиб, йилдан йилга кенг имкониятлар тақдим этилмоқда. Хусусан, ҳозирги кунда Ўзбекистон мусулмонлар идораси тасарруфида 3 та олий ва 10 та ўрта махсус ислом билим юртлари фаолият юритиб, уларда юзлаб талабалар таълим олмоқда.
Самарқанд вилоятидан шу кеча кундузда жами 94 нафар талабалар ушбу ислом билим юртларида диний таҳсил олмоқда. Жумладан, Тошкент ислом институтида 6 нафар, Тошкент шаҳар “Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасасида 7 нафар, Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида жойлашган “Муҳаммад ал-Беруний” ўрта махсус ислом таълим муассасасида 12 нафар, Хоразм вилояти Ургунч шаҳридаги “Имом Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом таълим муассасасида 4 нафар, Бухоро вилояти Когон туманидаги “Мир араб” олий мадрасасида 9 нафар, Бухоро вилояти Бухоро шаҳридаги “Мир араб” ўрта махсус ислом таълим муассасасида 15 нафар, Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасасида 39 нафар ва Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида жойлашган “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасасида 2 нафар.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси Самарқанд вилоят вакиллиги диний муассасаларда таълим олаётган мазкур талабалар билан узвий алоқани йўлга қўйган. Хусусан, яқинда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти, “Кўкалдош”, Нукус шаҳридаги “Муҳаммад Беруний”, Урганч шаҳридаги “Фахриддин ар-Розий”, Бухоро шаҳридаги “Мир Араб” олий ва ўрта махсус ислом билим юртларида бўлган вилоят бош имом хатибининг ўринбосари Ёқубжон домла Мансуров талабалар билан учрашиб, уларга вақтдан унумли фойдаланиш, илмни пухта эгаллаш бўйича насиҳатлар берди. Сўнгра ўқишни якунлаганларидан сўнг вилоятга қайтиб, диний соҳада вакиллик билан ҳамкорликда хизмат қилиш, эгаллаган илмларини мусулмонларга етказиш зарурлигини эслатиб ўтди. Шунингдек, талабаларнинг яшаш шароитлари, иқтисодий ҳолатларини ҳам ўрганиб, ўқув шартнома тўловларини амалга оширишга имконияти йўқ талабаларга ҳомийлар кўмаги билан моддий ёрдам кўрсатилди.
Мазкур тадбирларнинг давоми ўлароқ, жорий ҳафтанинг биринчи ярмида Ёқубжон домла Мансуров Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасасига ташриф буюриб, мазкур даргоҳда таълим олаётган самарқандлик толиби илмлар билан дилдан суҳбат қурди. Ушбу давра суҳбатида домла талаба ёшларга "Илм олиш игна билан қудуқ қазиш кабидир” мавзусида маъруза қилиб бердилар. Шунингдек, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда Самарқанд вилоятидаги юқори малакали кадрларга бўлган эҳтиёжни қондириш каби масалалар бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.
Тадбирдан сўнг, билим юрти билан келгусида ҳам малакали кадрлар тайёрлашда ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш бўйича фикр алмашилди.
Иншааллоҳ, бундай тадбирларни келгусида ҳам мунтазам ташкил қилиб бориш, ушбу улуғ даргоҳларда таълим олаётган самарқандлик талабалар билан янада яқинроқ ишлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, вилоятимизга етук кадрлар тайёрлаш бўйича ишлар олиб бориш ва мана шундай учрашувлар ташкил қилиш режалаштирилган.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакили Зайниддин Эшонқулов

Read 772 times

Янгиликлар

Top