Ўзбекистон янгиликлари

Диний идора раиси ўринбосари халқаро анжуманда қатнашмоқда

Шу йил 8-9 декабрь кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон Иномов диний соҳа вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси билан бирга Москва шаҳрида ўтказилаётган Волга Булғори халқларининг расман исломни қабул қилганининг 1100 йиллиги (922-2022) ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрат қилганларининг 1400 йиллиги (622-2022)га бағишланган “Адолат ва мўътадиллик: Дунё тартибининг илоҳий тамойиллари” мавзусидаги XVIII Халқаро мусулмон форумида қатнашмоқда.

Мазкур халқаро анжуманда 30 дан ортиқ хорижий давлат вакиллари билан бир қаторда Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон Иномов, Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғофуров ва Ўзбекистон халқаро ислом проректори Зоҳиджон Исломовлардан иборат Ўзбекистон делегацияси аъзолари ҳам фаол иштирок этишмоқда.

Жумладан, Иброҳимжон домла Иномов сўзга чиқиб, Россиядаги диний соҳа раҳбарлари ва форум иштирокчиларига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратларининг салом ва дуоларини етказдилар. Шунингдек, Волга Булғори халқлари уламоларини муборак сана муносабати билан муборакбод этиб, ўзаро ҳамкорлик алоқалари, юртимизда диний соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, муборак динимиз ривожига ҳисса қўшган юртимиз ва Буғор ўлкасидан етишиб чиққан буюк алломалар тўғрисида манфаатли ва таъсирчан мавъиза қилдилар.

Нуфузли анжуманда Ўзбекистон делегацияси вакиллари Россия Федерацияси мусулмонлари идораси раиси, Россия муфтийлари кенгаши раиси, муфтий Шайх Равиль ҳазрат Гайнутдин ва бошқа мутасадди вакиллар билан ўзаро ҳамкорлик бўйича мулоқот бўлиб ўтди ва унинг доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномовга эсдалик ҳадя тақдим этилди.

Маълумот учун, Баъзи манбааларда Волга (Идил) булғорлари Исломни милодий 922 йили қабул қилишган, дейилади.
Ислом дини ёйилиши баробарида Булғор мамлакатида Қуръони карим ва унинг тафсирлари ҳам пайдо бўла бошлайди. Туркий халқлар орасида маълум Табарий, Абу Бакр, Абдуссалом Қазвинийлар тафсири жуда катта – ўттиздан уч юз жилдгача бўлгани учун ундаги мазмун ва қиссаларни бадиий асар қилиш ҳам шакллана бошлади. Рабғузийнинг “Қисас ул-анбиё”, Маҳмуд Булғорийнинг “Жаннат эшиги”, Сайфи Саройининг “Туркий Гулистон” каби асарлари шулар жумласидандир.

Ўн тўққизинчи асрга келиб, татарлар орасидан Қуръони карим маъноларини таржима ва тафсир қилган олимлар етишиб чиқди. Бу соҳадаги илк уринишни таниқли аллома Абдунносир Курсавий (1776-1812) амалга оширди.
Ўша даврда Иван Николаевич Харитонов босмахонаси ном чиқарган эди. Татар ноширларининг ҳар қандай буюртмасини уддалашга қодир бўлган бу босмахонада ҳам Қуръони карим чоп этилди.

Қуръони каримнинг босма нусхасини Харитоновдан аввал Қозондаги “Сабоҳ” ва “Умид” босмахоналари эгаси Ҳабибраҳмон Забиров ҳам кўп нусхада чоп этган ва бу нусхалар Татаристондан ташқари Русия ҳамда Ўрта Осиёдаги бошқа мусулмон ўлкаларда ҳам кенг тарқалган эди.

Қуръони каримнинг Қозон босмаси тарихи бу билан тугамайди. Ҳозир у дунёнинг кўпгина мусулмон ўлкаларида қайта-қайта чоп этилмоқда ва минглаб-миллиёнлаб мусулмонларнинг Аллоҳ каломи билан ошно бўлишларига имкон яратмоқда. Русия диёридаги илк босма китоблардан бўлган Қозон босма Қуръоннинг турк-татарларни Ислом асослари билан таништиришдаги аҳамиятини, бу соҳада татар матбаачилари ва ноширларининг хизматларини муносиб баҳолашга эса сўз бойлигимиз камлик қилади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 922 times

Янгиликлар

Top