Хайрли ишларда пешқадам бўлган имом-хатиблар айни қиш фаслининг синовли кунларида аҳолимизнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож вакилларига ҳомийларни жалб қилган ҳолда қишки кийим-кечак, кўмир, қаттиқ ўтин ёки суюлтирилган газ учун моддий ёрдамлар кўрсатмоқдалар.
Жумладан, айни кунларда Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Шамсуддин Бауатдинов Бўзатов туманидаги “Қусханатов” овулидаги ижтимоий ёрдамга муҳтож ва боқувчисини йўқотган оилалар хонадонида бўлиб, уларга 10 миллион сўмлик иссиқ кийим-кечак ва озиқ-овқат маҳсулотларини улашди.
Андижон вилояти имом-хатиблари ҳам ҳомийлар ёрдамида 50 тоннадан зиёд кўмир ва қаттиқ ўтин, шунингдек, суюлтирилган газ ва озиқ-овқат маҳсулотларини хайрия қилишди.
Худди шундай Фарғона вилояти масжидлари имом-хатиблари ҳам ҳомийларни жалб қилиб 78 та эҳтиёжманд хонадонга қарийб 36 миллион сўмлик маҳсулот хайрия сифатида тарқатилди.
Тошкент вилояти Тошкент тумани “Мирҳалил ҳожи ота” жоме масжиди ходимлари ҳомийларни жалб қилган ҳолда Қибрай ва Тошкент туманларидаги 70 нафар боқувчисини йўқотган оилалар учун озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатишди.
Юқоридаги сингари имом-хатиблар томонидан кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилаларга моддий ва хайрия ёрдамларини амалга ошириш ишлари кенг кўламда давом этмоқда.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифларининг бирида бундай марҳамат қиладилар: “Кимики, бир мўминдан дунё қийинчиликларидан бирини енгиллаштирса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат оғирликларидан бирини енгил қилади. Кимдаки ҳаётда қийналган кишига осонликни раво кўрса, Аллоҳ таоло унга дунё ва охиратда енгилликни ато қилур”.
Дарҳақиқат, яхшиликлар, савобли амаллар бардавом бўлган диёрда инсонлар бир-бирига меҳрли, мурувватли бўлиши муқаррардир. Ҳақ таоло барчаларимизни доимо эзгу ишлар, яхши амалларга муяссар айлаб, юртимиз, маҳалламиз, хонадонимизларга файз-барака ато этсин, нохуш ҳолатлардан паноҳида асрасин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Масжидлар билан ишлаш бўлими