Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистондаги зиёрат туризми имкониятлари Малайзия оммавий ахборот воситалари нигоҳида

«Halal Rest & Rehlah» («RR») журналининг махсус сонида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятига бағишланган туркум мақолалар чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ўзбекистонда зиёрат туризмини ривожлантиришга бағишланган мақолалардан бирида бу атама буддавийлик, насронийлик, ҳиндуизм ва исломни қамраб олгани таъкидланган. «Ўзбекистон 3 минг йилдан ортиқ вақт давомида дин ва цивилизациялар чорраҳаси бўлиб келган, бу ерда шунга мос равишда турли маданий мерос объектлари, хусусан, буддавийлик ибодатхоналари, черковлар, яҳудий синагогалари сақланиб қолган. Шу билан бирга, маданий диққатга сазовор жойларнинг 80 фоизи ислом дини билан боғлиқ. Улар IX-XII ва XIV-XVI асрлардаги ислом маърифати ёки Уйғониш даврига мансубдир», деб ёзади нашр.


Материалда маълум қилинишича, Ўзбекистон ҳукумати барча қадимий ёдгорликлар, экспонатлар, қимматбаҳо қўлёзма ва нашрлар, суратлар ва ислом миниатюраларини сақлаш марказига айланадиган Ислом цивилизацияси марказини қуриш ташаббуси билан чиққан. Марказ, шунингдек, хаттотлик, тўқимачилик, кулолчилик ва бошқа санъат асарларини ҳам намойиш этади.
Нашрда таъкидланганидек, бугунги кунгача сақланиб қолган ноёб меъморчилик ва моддий мерос республиканинг ҳақиқий сайёҳлик бойлиги ҳисобланади. Ушбу диққатга сазовор жойлар Самарқанд, Бухоро, Хива ва Фарғона водийсида жойлашган.
Малайзия ОАВ томонидан бу мавзуда эълон қилинган навбатдаги мақола муштарийларни Бухоро ва Самарқанднинг тарихий мероси ҳамда улуғворлиги билан таништиради. Шунингдек, мазкур материалда «Умра+» саёҳат пакетлари имкониятлари ва Ўзбекистон делегациясининг Малайзияда бўлиб ўтган 3-Жаҳон ислом туризми конференциясидаги (WITC) иштироки ҳақидаги маълумотлар атрофлича қаламга олинган. «Ўзбекистон делегациясининг ташрифи самарали бўлди. Конференция доирасида Малайзия туроператорлар ва сайёҳлик агентликлари ассоциацияси (МАТТА) ва Ўзбекистон томони ўртасида Ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди. Ҳужжат Саудия Арабистонига Умра зиёратига борувчиларга Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари – Бухоро ва Самарқанд билан яқиндан танишиш учун қулай имконият яратади», дейилади материалда.


Навбатдаги мақолада Ўзбекистон Ислом туризм маркази бўлган Малайзия ўртасидаги алоқалар ва икки давлат ўртасидаги сайёҳлик соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларига бағишланган.
Унда Малайзия делегациясининг шу йил 1-7 ноябрь кунлари мамлакатимизнинг бир қатор ҳудудларида ўтказилган «Халқаро зиёрат туризми» ҳафталигида иштироки чоғида эришилган икки томонларма келишувларнинг аҳамияти ҳақида сўз боради.
«Ўзбекистонда сайёҳлик хизматлари ва мусулмон меҳмондўстлигига қўйиладиган талаблар стандартлари ишлаб чиқилмоқда. Халқаро аэропортлар, вокзаллар ва меҳмонхоналарда намозхоналар ташкил этилди. Бу йил Сингапурда мусулмон дунёси туризм бозорини тиклаш ва ривожлантиришга бағишланган «Halal in Travel Awards» глобал саммитида Самарқанд шаҳри «Йилнинг энг яхши ривожланаётган мусулмон шаҳри» номинациясида ғолиб бўлди», деб ёзади «Halal Rest & Rehlah».

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 679 times

Янгиликлар

Top