Ўзбекистон янгиликлари

Ҳафта давомида имом-хатибларимиз минглаб оилаларга қувонч улашди

Ушбу ҳафтада имом-хатибларимиз 676 миллион сўмлик хайрия ишларида бош бўлдилар.

Юртимизда қаҳратон қишнинг айни авж палласида республикамизда фаолият юритаётган имом-хатиблар аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатламига турли кўринишдаги моддий ёрдам кўрсатилишида фаоллик кўрсатмоқдалар.

Хусусан, жорий йилнинг 15-20 январь кунлари республикамиз бўйлаб кўплаб хайрия ишлари амалга оширилди:

Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани имом-хатиблари “Катта ҳовуз” ва “Камолон” маҳалласидаги ёнғиндан жарб кўрган икки оила ҳолидан хабар бориб, уларга 5.000.000 сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари хайрия қилди. Шунингдек, уйни қайта тиклаб олиш учун цемент ва темир маҳсулотлари олишда ҳомийлар кўмагида ёрдам кўрсатиш режалаштирилди.

Бундай саховат тадбирлари “Имом Ҳасан” масжидида ҳам давом этиб, дошқозонда ош дамланиб, эҳтиёжмандларга тарқатилди. “Эшон Бобохон” масжиди маъмурияти эса бешта кам таъминланган оилага 4.000.000 сўмлик озиқ-овқат маҳсулотларини эҳсон қилди. Шунингдек, бир талабанинг 25.000.000 сўмлик шартнома пули тўлаб берилди.

Умумий ҳисобда эса Тошкент шаҳри бўйича жами 99.197.000 сўмлик ёрдам кўрсатилди.

Бундай хайрия тадбирлари Қорақалпоғистон Республикаси имом-хатиблари иштирокида ҳам давом этди. Улар тадбиркор, саховатпеша инсонлар кўмагида мухтож оилаларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиб келмоқдалар. Жумладан, Беруний тумани «Султон Увайс бобо» зиёратгоҳ масжиди томонидан тумандаги “Абай” ОФЙда истиқомат қилувчи 80 дан ошиқ кишига иссиқ овқат тарқатди. Шунингдек, Чимбой тумани “Хан” масжиди томонидан тумандаги 15 оилага ҳомийлар кўмагида 3 тонна кўмир берилди. Мўйноқ тумани “Тўқмоқ ота” масжиди томонидан эса ҳомийлар кўмагида тўртта  кам таъминланган оилага 8 280 000 сўмлик хайрия қилдилар.

Шу кунларда қорақалпоғистонлик имом-хатиблар жами 15 042 000 сўмлик саховат ишларида бош бўлдилар.

Фарғона вилоятида ҳам хайрия ишлари жадал кетяпти. Жорий йилнинг 18 январь куни ҳудуддаги имом-хатиблар 24 та оилага 12.660.000 сўмлик кўмир ва озиқ-овқат маҳсулотларини эҳсон қилиб, 100 та кам таъминланган хонадонга ош тарқатди.

Наманган вилоятида марказий масжидлардан 25 тасида бир бошдан қўй сўйилиб (715 кг, 57200000 сўмлик), масжидлар ҳудудидаги 80 ёшдан ошган нуроний кексалар, эҳтиёжманд фуқаролардан жами 260 нафар оилага тарқатилди. Шунингдек, имом-хатиблар ижтимоий кўмакка муҳтож, кам таъминланган 85 га яқин оилага 25.200.000 сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари, жами 82.400.000 сўмлик хайрия ишларини амалга оширди.

Хоразм вилоятида фаолият олиб бораётган имом-хатиблар ва ноиб имомлар томонидан қишнинг совуқ кунларида аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож, боқувчисини йўқотган, ёзғиз қариялар ва ногиронлиги бўлган фуқаролар қатламларига ҳамда бемор фуқароларнинг даволаниши учун жами 12.100.000 сўмлик хайрия қилинди.

Сирдарё вилояти имом-хатиблари томонидан ҳомийлар кўмагида аҳолининг ижтимоий ёрдамга муҳтож 381 та хонадонга (ҳар бир оилада 2-3-4 тагача етим боласи бор ёлғиз оналар) 10 хилдаги озиқ-овқат ва 18 та оилага  200 килограммдан 2,5 тоннага яқин кўмир тарқатилди. Умумий ҳисобда эса вилоят бўйича 212.000 000 сўм қийматда турли маҳсулотлар тарқатилди.

Андижон вилоятида Жалақудуқ тумани “Иттифоқ” жоме масжиди имом-хатиби бошчилигида шифохонада оғир ҳолатда ётган беморнинг даволаниши учун ҳомийлар ёрдамида 3.300.000 сўм ёрдам қилинди.

Қашқадарё вилоятида 15 – 20 январь кунлари ҳудудлардаги масжид имом-хатиблари томонидан ҳомийлар кўмагида 308 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилаларга жами 236 млн. сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак, ун, электр печ, газ плита, кўмир каби моддий ёрдамлар кўрсатилди.

Шундай қилиб, ушбу ҳафтада Республика бўйича хайрия тадбирлари миқдори умумий ҳисобда 676.000.000 сўмни ташкил этди.

Бундай эзгу амаллар бу ҳафта ҳам давом этади, иншааллоҳ.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Масжидлар билан ишлаш бўлими

Read 719 times

Янгиликлар

Top