Ўзбекистон янгиликлари

Кўҳна Шаҳрисабз 2024 йил ИҲТ сайёҳлик пойтахти этиб белгиланди

ИҲТ ташқи ишлар вазирлари йиғилиши тўғрисида

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси раислигида ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти – ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 26-йиғилишида Озарбайжон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон, Туркия, Туркманистон, Ўзбекистон ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари, тузилма бош котиби Хусрав Нозирий, шунингдек, ташкилотнинг ихтисослашган агентликлари ва минтақавий институтлари вакиллари иштирок этди.

Тадбир очилишида ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Бахтиёр Саидов 2022 йил мобайнида ИҲТ бўйича ҳамкорлар билан биргаликда Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббусларини ҳаётга татбиқ этиш йўлида мамлакатимиз раислиги концепциясига мувофиқ муҳим тизимли ишлар амалга оширилганини таъкидлади.

Дарҳақиқат, раислигимиз даврида ИҲТни ислоҳ қилиш жараёнини муҳокама қилиш юзасидан “ақлий ҳужум”, қайта тикланувчи энергия манбалари, қишлоқ хўжалиги, туризм каби қатор йўналишларда учрашув ва йиғилишлар ўтказилди. қишлоқ хўжалиги соҳасида Тошкент, туризм соҳасида Самарқанд декларациялари қабул қилинди. Шаҳрисабз шаҳри 2024 йил ИҲТ сайёҳлик пойтахти этиб белгиланди.

Анжуманда, дастурга муқофиқ, аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари маърузалари тингланди.

Бош котиб Хусрав Нозирий Ўзбекистоннинг 2022 йилда ИҲТни янада ривожлантириш, минтақада тараққиёт ва фаровонликка эришишга доир кун тартибини таъминлашга қаратилган раислиги юксак қадрлашини эътироф этди. Тузилма фаолиятида роли ортиб бораётган республикамизнинг ташкилот ривожига беқиёс ҳисса қўшаётгани қайд этилди.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/QsMP0UfVQlQ" title="Кўҳна Шаҳрисабз 2024 йил ИҲТ сайёҳлик пойтахти этиб белгиланди" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Учрашувда савдо-иқтисодий алоқани янада жадаллаштириш, транзит-транспорт имкониятини кенгайтириш, иқтисодий ўсишнинг янги нуқталарини топиш, минтақавий туризмни фаоллаштириш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Энергетика, ижтимоий фаровонлик ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида кооперацияни ҳар томонлама илгари суриш муҳимлигига урғу берилди.

Давлатимиз раҳбарининг минтақавий интеграцияни таъминлаш учун ҳамкорликни кенгайтириш орқали муштарак тараққиёт кун тартибини бойитиш бўйича ташаббусини амалга ошириш зарурлиги бир овоздан маъқулланди. ИҲТ фаолиятини давр талабидан келиб чиқиб такомиллаштиришга оид таклифлар муҳокама этилди. Учрашув якунида Тошкент коммюникеси қабул қилинди.

Анжуман иштирокчилари Ўзбекистон томонига фаол ва самарали раислиги ҳамда Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишини ташкилий ва мазмуний жиҳатдан юқори даражада ўтказгани учун миннатдорлик билдирди.

Ўзбекистон Республикасининг ИҲТга раислиги расман якунланиб, раислик Озарбайжон Республикасига ўтди.

Беҳруз Худойбердиев, Носиржон Ҳайдаров (сурат), Дониёр Якубов (видео), ЎзА

Read 752 times

Янгиликлар

Top