Ўзбекистон янгиликлари

Катта Лангар Қуръони навбатдаги халқаро кўргазмада

Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Жидда шаҳрида 2023 йил 23 январидан 23 апрелига қадар давом этадиган “I Халқаро Ислом санъати биенналеси (Икки йилда бир маротаба ўтказиладиган кўргазма)”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди. 

Нуфузли кўргазмада мамлакатимиз тарихи ва маданиятига оид сара Исломий топилмалар, нодир экспонатлар ҳам намойиш этилмоқда. Унда жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Кутубхонаси фондида сақланаётган Катта Лангар Қуръонининг икки саҳифаси ҳам тақдим этилди. 

Мазкур кўргазмада Ўзбекистондаги нодир экспонатлар намойиши  мамлакатимиздаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ташаббуси билан амалга оширилди. 

“I Халқаро Ислом санъати биенналеси”да бутун дунёдан келтирилган исломий мерослар, қўлёзмалар, тангалар, ҳаттотлик ва наққошлик ижодлари, либослар ва бошқа юзлаб ноёб экспонатлар ҳам ўрин олган.

Диний идора тизимида ушбу кўргазмага тайёргарлик жараёни бир неча босқичда кечди. Хусусан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Диний идора Кутубхонаси фондидаги Катта Лангар Қуръонининг сақланиш жараёни билан яқиндан танишиш асносида Катта Лангар Қуръони ва шу каби бебаҳо меросларни асраб-авайлаш, уларни келажак авлодга бус-бутун етказиш ва тадқиқ этишни алоҳида таъкидлаб, уларнинг халқаро кўргазмалардаги тақдимотларини талаб даражасида ўтказиш ва хайрли натижалар бўлишини сўраб дуои хайр қилдилар.

Шунингдек, Жиддадаги кўргазмада қатнашадиган Диний идора вакилига сафар олди Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Жалолиддин домла Ҳамроқулов мазкур намойиш динимиз ва юртимизга манфаатли бўлиши ва унинг муваффақиятли ўтишини сўраб хайрли дуолар бердилар.

Мазкур кўргазмада иштирок этиш ва унга тайёргарлик кўриш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Кутубхона бўлими мудири Камолиддин Маҳкамов Жидди шаҳрида бўлиб, Биеннале махсус гуруҳи вакиллари ва Франциянинг Лувр музейи реставратори бирга Катта Лангар Қуръонининг икки саҳифасини кўргазма залидаги махсус жиҳозга жойлаштирди. Ва кўргазма давомида иштирокчиларга юртимизнинг нодир экспонати ҳақида маълумот берди.

Маълумот учун, 2022 йилнинг 23 ноябрда Париж шаҳрининг Лувр музейида “Ўзбекистон воҳалари хазиналари. Карвон йўллари чорраҳасида” мавзусида Ўзбекистон музей ашёлари кўргазмаси очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ва Франция Президенти Эммануэль Макрон ҳам иштирок этди. Мазкур кўргазмада Ўзбекистон мусулмонлари идораси Кутубхонаси фондидаги Катта Лангар Қуръонининг икки саҳифаси ҳам тақдим этилди. Ушбу кўргазма 2023 йил 6 мартига қадар давом этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 
Read 1160 times

Янгиликлар

Top