Ўзбекистон янгиликлари

Диний соҳа ходимлари учун ўқув-семинар ташкил этилди

Бугун, 6 февраль куни Урганч шаҳрида диний соҳа ходимлари иштирокида аҳоли орасида юқумли касалликларни олдини олиш ва эмлашнинг аҳамиятига бағишланган ўқув-семинар бўлиб ўтди. Унда UNICEF жамғармасининг мутасадди вакиллари, Диний идора ва Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходимлари, Қорақолпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида фаолият юритаётган имом-хатиб ҳамда отинойилар иштирок этди.

Мазкур семинар Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Дин ишлари бўйича қўмита ва БМТ UNICEF жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Ўқув-семинар давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар билан ишлаш бўлими мудири Музаффар домла Камолов Исломда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва эмлаш масаласи ҳақида маъруза қилиб, динимизда инсон саломатлигини асрашга алоҳида эътибор берилиши ҳамда тиб илмида пешқадам бўлган мусулмон олимлари юқумли касалликларга қарши эмлашни тиббиётга биринчи бўлиб олиб киргани таъкидлади.

У нутқи давомида бугун аҳоли саломатлигини сақлаш нафақат тиббиёт ходимлари, балки жамиятдаги барчани бурчи эканини таъкидлади. Шунингдек, бу борада Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани, хусусан, юқумли касалликлардан сақланиш борасида динимиз кўрсатмаларини аҳолига етказиш билан бирга, шифокор маслаҳатига риоя қилиш лозимлиги борасида ҳам тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилаётганини қайд этди.

Шунингдек, тадбирда UNICEF жамғармаси, Дин ишлари бўйича қўмита вакиллари ва соҳа мутахассислари ҳам маъруза қилишди.

Маълумот ўрнида, UNICEF Ўзбекистонда 1994 йилдан буён самарали фаолият юритиб келади. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси томонидан болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг асосий ҳаётий эҳтиёжларини қондиришга кўмаклашиш ва салоҳиятларини ҳар томонлама ривожлантириш масалалари UNICEFга тақдим этилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Дин ишлари бўйича қўмита ва БМТ UNICEF жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ўртасида ушбу йўналишларда ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш мақсадида Англашув Меморандуми имзоланган эди.

Бугунги семинар ҳам мазкур Меморандумда белгиланган ҳамкорлик доирасида ташкил этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Read 1087 times

Янгиликлар

Top